Польша ўзининг шарқий чегараларида истеҳкомлар тизимини қуришга тайёрланмоқда, мамлакат президенти Анжей Дуда буни «темир парда» билан таққослаган. Шу билан бирга, у баъзи Ғарб сиёсатчилари ушбу лойиҳадан «даҳшатга тушганини» таъкидлади.
«Ғарбдаги баъзи сиёсатчилар бунга даҳшат билан қарашади. Улар кўрмоқчи бўлган охирги нарса бу темир парданинг тикланиши», — деди Польша президенти The Times газетасига берган интервьюсида.
«Шарқ қалқони» деб номланувчи ушбу улкан режа доирасида Польша Белоруссия ва Россия билан чегарада танкга қарши зовурлар, бункерлар ва миналанган майдонларни ўз ичига олган мудофаа чизиғини яратиш ниятида. Дуданинг қайд этишича, бу лойиҳа Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери Полшанинг шарқий чегарасини мустаҳкамлаш бўйича энг йирик операция бўлади.
Президентнинг сўзларига кўра, «Шарқ қалқони» нафақат мумкин бўлган ҳарбий таҳдидларнинг олдини олиши, балки НАТО мамлакатлари бирлигининг рамзига айланиши керак. Шунингдек, у Польша қўшни Болтиқбўйи давлатлари – Литва, Латвия ва Эстония билан ҳамкорликда минтақада ягона хавфсизлик тизимини яратиш устида иш олиб боришини қўшимча қилди.
Қурилиш шу йил бошланиб, 2028 йилга қадар якунланиши режалаштирилган. Янги мудофаа чизиғининг умумий узунлиги тахминан 700 кмни ташкил қилади. Польша расмийлари ҳам ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Европа Иттифоқи буджетидан молиялаштириш учун ариза топширган.
«Темир парда» атамаси Совуқ уруш даврида СССР ва унинг иттифоқдошларини Ғарбий Европа ва АҚШ давлатларидан ажратиб турувчи ахборот, сиёсий ва ҳарбий тўсиқларни англатади. Бу фуқароларга нисбатан қўйилган изоляция ва чекловлар, шу жумладан чет элга чиқиш ва чет элдан маълумот олиш тақиқларини рамзий қилди.