Польша Ташқи ишлар вазирлиги Твер вилоятидаги "Медное" ёдгорлик мажмуасида Польша ҳарбий мукофотларининг барельефлари демонтаж қилиниши муносабати билан Россия томонига норозилик нотасини юборди.
Бу ҳақда Польша ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Радослав Сикорский RMF24 радиостансияси эфирида маълум қилди.
"Дипломатик нота аллақачон юборилган", деди Сикорский вазиятни изоҳлар экан.
Гап 1940 йилда НКВД томонидан отиб ташланган польшалик зобитлар хотирасига бағишланган мажмуанинг бир қисми бўлган Польша ҳарбий қабристонида жойлашган барельефлар ҳақида бормоқда. Польша оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, демонтаж 16 май куни бўлиб ўтган ва бу Варшаванинг кескин муносабатига сабаб бўлган.
Польша ТИВ Россия расмийларининг хатти-ҳаракатларини қурбонлар хотирасига ҳурматсизлик ва дафн этилган жойларни сақлаш бўйича икки томонлама келишувларнинг бузилиши сифатида баҳолади.