Нашрнинг ёзишича, Париж прокуратураси Telegram асосчисининг Қўшма Штатларга инвестиция жамғармалари билан музокаралар ўтказиш мақсадида сафар қилиш сўровини рад этди. Прокуратура бу сафарни “зарур ёки асосли” деб топмаган.
Павел Дуров 2024 йил август ойида Париж аэропортида ҳибсга олинган эди ва кейинроқ гаров эвазига қўйиб юборилганди. У 2024 йил сентябридан бери Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари назорати остида. Париж прокуратураси Дуровга ваколатли органлар сўровларига жавоб беришдан бош тортиш, хакерлик дастурлари ва болалар порнографиясига оид материалларни тарқатишда шериклик қилиш, шунингдек, жиноий йўл билан топилган маблағларни ювиш айбларини қўйган.
Ўтган дам олиш кунлари Павел Дуров Франция ҳукумати Telegram дан "консерватив фикр эгалари овозини ўчириш"ни талаб қилганини маълум қилди. Франсия Ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни кескин рад этди. Шундан сўнг, Дуров бу талаб 2025 йил баҳорида Франсия разведка хизмати раҳбари Николя Лернер билан учрашув пайтида айтилганини маълум қилди. Франсия ҳарбий разведкаси (DGSE) ҳам бу айбловни рад этди.