Покистон Миллий хавфсизлик кенгашининг Бош вазир Шаҳбоз Шариф раислигида ўтказилган фавқулодда йиғилишидан сўнг, мамлакат ҳукумати БМТ Низомининг 51-моддасини қўллаш тўғрисидаги қарорни эълон қилди. Ҳужжат қуролли тажовуз содир бўлган тақдирда ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тасдиқлайди. Расмий баёнотда Ҳиндистоннинг хатти-ҳаракатлари “қўрқоқ ва ноқонуний уруш ҳаракати” деб аталган.
Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари террорчиларга қарши кураш баҳонасида Панжоб ва Кашмирдаги фуқаролик инфратузилмасини нишонга олган, дейди Покистон расмийлари. Жабрланган ҳудудлар орасида Сиалкот, Шакаргарҳ, Муридке, Баҳавалпур, Котли ва Музаффаробод бор. Стратегик иншоот Нилум-Жҳелум гидроелектр стансияси ҳам шикастланган. Тинч аҳоли, жумладан, аёллар ва болалар қурбон бўлгани, масжидлар вайрон қилингани ҳақида хабарлар бор.
Ҳиндистон томонининг таъкидлашича, зарбалар апрел ойида Кашмирдаги сайёҳлар гуруҳига уюштирилган ва 26 кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳужумда иштирок этган жангарилар лагерларига қарши қаратилган. Деҳлига кўра, операция "мақсадли" бўлиб, гўё фақат террорчилик инфратузилмасига қарши қаратилган.
Покистон ўз ҳудудида террорчилар базаларини жойлаштириш айбловларини қатъиян рад этади. Мамлакат расмийлари Ҳиндистоннинг ҳужумини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслиги ва ҳарбий фаолият билан боғлиқ бўлмаган фуқаролик обектларига зарар етказилишини таъкидламоқда. Исломободнинг айтишича, жавоб "ҳал қилувчи ва ўз вақтида" бўлади.