Покистон хавфсизлик кучлари Афғонистон билан чегарадош Хайбер-Пахтунхва вилоятида ўтказган амалиётлар давомида 25 нафар жангари йўқ қилингани маълум қилинди.
Покистон армиясининг Хизматлараро жамоатчилик билан алоқалар бўлими (ISPR) баёнотида таъкидланишича, 24–25 октябр кунлари Шимолий Вазиристон ва Куррам туманларида мамлакат ҳудудига бостириб киришга уринган жангари гуруҳларга қарши махсус амалиётлар ўтказилган.
Баёнотга кўра, амалиётлар натижасида 25 нафар жангари йўқ қилинган, 5 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Шунингдек, кўп миқдорда қурол-яроғ ва ўқ-дорилар мусодара қилинган.
Исламабод яна бир бор Кобулни чегарани самаралироқ назорат қилишга чақирди.
Покистонда қуролли ҳужумлар асосан Афғонистон билан чегарадош Хайбер-Пахтунхва ва Балуҷистон вилоятларида содир бўлади.
Ҳар икки ҳудудда ҳам пуштун ва балуж этник гуруҳлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни даъво қилувчи қуролли тузилмалар хавфсизлик кучлари ҳамда тинч аҳолига қарши ҳужумлар амалга оширади.
Исламабод маълумотларига кўра, “Покистон Толибони” (TTP) террорчилик ташкилоти Афғонистонда жойлашган ва ўз ҳужумларини шу ердан режалаштиради. Аммо Афғонистон ҳукумати бу даъволарни рад этади.
Шу билан бирга, Балуҷистонда “Балуҷистон озодлик армияси” (BLA) фаоллиги ҳам кучайган. Ушбу ташкилот вилоятни Покистонддан ажратиб, минтақада балуж ҳукмронлигини ўрнатишга интилаётгани айтилади.