Бугун 17 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Пластик ва шиша бутилкалар учун мажбурий депозит тизими жорий этилиши мумкин

Пластик ва шиша бутилкалар учун мажбурий депозит тизими жорий этилиши мумкин

Таклиф этилаётган тартибга кўра, истеъмолчи ичимлик харид қилганда идиш учун белгиланган депозит суммасини ҳам тўлайди. Бўш идишни махсус қабул қилиш нуқтасига топширгач, ушбу маблағни қайтариб олади.

Ўзбекистонда пластик ва шиша бутилкалар, шунингдек, алюминий банкалар учун мажбурий депозит тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида маълум қилди, деб хабар бермоқда Spot.

Мазкур ташаббус «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш доирасида илгари сурилган.

Таклиф этилаётган тартибга кўра, истеъмолчи ичимлик харид қилганда идиш учун белгиланган депозит суммасини ҳам тўлайди. Бўш идишни махсус қабул қилиш нуқтасига топширгач, ушбу маблағни қайтариб олади.

Қутбиддиновнинг таъкидлашича, ҳозирда бундай чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси атиги 6,2 фоизни ташкил этмоқда. Янги тизим аҳолини чиқиндиларни саралашга рағбатлантириш ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга қаратилган.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакатда 15,1 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган. Уларни саралаш кўрсаткичи эса 5,2 фоиздан ошмаган.

Эслатиб ўтамиз, сентябр ойида Ўзбекистонда ичимлик идишларини қабул қилувчи махсус фандоматлар бўйича синов лойиҳаси ишга туширилган эди. Унга кўра, фуқаролар пластик, шиша ва алюминий идишларни топшириб, ҳар бири учун 150 сўмдан олишлари мумкин.

Мазкур лойиҳа Чиқиндиларни бошқариш агентлиги ва Норвегиянинг TOMRA компанияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Ҳозирча мажбурий депозит тизимини жорий этиш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган. Таклиф маъқулланса, ишлаб чиқарувчилар ва савдо ташкилотларига зарур инфратузилмани яратиш учун ўтиш даври берилиши кўзда тутилмоқда.

Киритилди: 15:36 03.11.2026. Ўқилди: 504 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар