Бугун 30 март, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Пискентдаги қамоқхонада маҳбус қийноққа солинди

Пискентдаги қамоқхонада маҳбус қийноққа солинди

Тошкент вилояти Пискент туманида жойлашган 50-сон манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Т.И. колония ходимлари томонидан қийноққа солиниб, сўнг асоссиз равишда интизомий бўлинмага жойлаштирилган. Бу ҳақда у Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га мурожаат қилган.

Омбудсман ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат жойига чиқиб ўрганилганда, маҳкум Т.И. Пискент тумани марказий шифохонасига жойлаштирилгани ҳамда шифокорлар хулосасига кўра, унинг бош ва кўкрак қисмида лат ейиш аломатлари аниқланган.

“Ишга оид ҳужжатлар ўрганилганда, маҳкум Т.И. интизомий бўлинмага 2025 йил 27 февраль куни жойлаштирилган ва унга 10 суткага интизомий бўлинмага киритиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилинган. Ушбу қарор Тошкент махсус прокурори томонидан ўрганилиб, бекор қилинган ҳамда колония маъмуриятининг ҳаракатлари Жиноят-ижроия кодексининг 105-моддаси (маҳкумларни интизомий жазолаш шартлари) ва 111-моддаси (қўпол тартиббузарлик тушунчаси) талабларига зид деб топилган”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, маҳкум олти кун давомида асоссиз равишда интизомий бўлинмада сақланиб, унинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган. Шу сабабли, Омбудсман томонидан қонун талаблари бузилишига йўл қўйган ходимларга чора кўрилишини сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига назорат хати киритилган.

Киритилди: 01:05 26.03.2025. Ўқилди: 1378 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!