Қўшма Штатлар Хитой билан можаро бўлишини истамайди ва воқеаларнинг худди шу тарзда ривожланишини даҳшатли деб ҳисоблайди.
Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Fox News телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.
"Биз коммунистик Хитой билан зиддият излаётганимиз йўқ. Бундай натижа даҳшатли бўлади", - деди у.
Америка мудофаа вазирлиги раҳбарининг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар етарлича кучли бўлса, можаронинг олдини олишга қодир.
Аввалроқ The Washington Post газетаси "Муваққат стратегик миллий мудофаа йўриқномаси" деб номланган ҳужжатга таяниб, Пентагон Хитойни ягона доимий таҳдид деб билишини ёзган эди.
Хитой Халқ Республикаси Мудофаа вазирлиги вакили, катта полковник Чжан Сяоган ОАВ хабарларига изоҳ берар экан, Қўшма Штатлар Хитойни таҳдид сифатида кўриб, жиддий стратегик хатога йўл қўяётганини айтди.