АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) президент Дональд Трампнинг ошкор этилмаган иттифоқчисидан келиб тушган 130 миллион долларлик хайрия маблағидан ўз ходимларининг маошларини қоплаш учун фойдаланиш ниятини тасдиқлади.
CNNнинг хабар беришича, Пентагон федерал ҳукуматнинг вақтинча ёпилиши муносабати билан ҳарбий хизматчиларнинг иш ҳақи ва нафақаларини хайрия ҳисоби орқали тўлашни режалаштирмоқда.
Пентагон матбуот котиби Шон Парнелнинг таъкидлашича, мазкур маблағлар “ҳарбий хизматчиларнинг иш ҳақи ва тегишли имтиёзлар харажатларини қоплаш” учун мўлжалланган. Унинг қўшимча қилишича, маблағлар департаментнинг “умумий ажратмалар ваколати” доирасида қабул қилинган.
“Армиямизни молиялаштириш учун аноним хайриялардан фойдаланиш, ҳарбий хизматчиларимиз хорижий кучлар томонидан бевосита ёки билвосита ‘сотиб олиниши’ эҳтимоли ҳақида хавотирли саволларни келтириб чиқаради”, — деди Сенат Мудофаа маблағлари қўмитасининг демократик аъзоси Крис Кун.
Оқ уй расмийларининг маълумот беришича, октябрь ойининг биринчи ярмида ҳарбий тўловлар умумий қиймати тахминан 6,5 миллиард долларни ташкил этган.
Вашингтонда жойлашган American Enterprise Institute (AEI) таҳлил маркази мутахассиси Тодд Харрисоннинг ҳисоблашича, хайрия маблағи “қўшинларнинг кунлик маошининг учдан бир қисмини” қоплайди.
АҚШнинг молиявий йили 2025 йил 30 сентябрда якунланди. Конгресс янги молиявий йил бошланишидан аввал вақтинчалик бюджетни қабул қила олмагани туфайли, 2019 йилдан бери илк бор федерал ҳукумат фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Демократлар Республикачилар таклиф этган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламай, тиббий суғурта субсидияларини узайтириш ва Medicaid дастури маблағларини қисқартиришни бекор қилишни талаб қилмоқда. Республикачилар эса мавжуд харажатлар даражаси сақланиб қолган ҳолда вақтинчалик бюджет қабул қилиниши тарафдори.
АҚШ қонунларига кўра, Конгресс янги молиявий йил учун бюджет ёки вақтинчалик бюджетни тасдиқламаса, федерал ҳукумат ўз маблағларини сарфлаш ваколатини йўқотади. Шу боис “асосий бўлмаган” давлат идоралари фаолияти тўхтатилади, ходимлар ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилади.
Шу билан бирга, “асосий хизматчилар” — ҳарбийлар, разведка ходимлари, давлат касалхоналари ва аэропортлар ишчилари — ўз вазифаларини бажаришда давом этадилар, аммо Конгресс янги бюджетни тасдиқламagunча улар ҳам маош олмайдилар.