АҚШ Мудофаа вазирлиги ўзининг собиқ ходими томонидан тақдим этилган АҚШ ҳукумати ердан ташқари технологияларга эга эканлиги ҳақидаги версияни рад этди.
Бу ҳақда Пентагон вакили Сьюзан Гоуф тегишли сўровга жавоб берди.
"Ҳозирги кунга қадар Мудофаа вазирлиги номаълум аномал ҳодисаларни (UAP - Unidentified Anomalous Phenomena) кузатиш натижасида ердан ташқаридаги фаолликни аниқлагани ҳақида ишончли далил топа олмади", — деди Пентагон матбуот котиби.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ мудофаа вазирлиги "ердан ташқаридаги материалларни сақлаш ёки кўпайтириш билан боғлиқ ҳар қандай дастурлар ўтмишда мавжуд бўлган ёки ҳозир ҳам мавжуд деган даъволарни тасдиқловчи ишончли маълумот топмаган".
Пентагоннинг барча соҳалардаги аномалияларни ҳал қилиш бўйича бюроси (AARO) АҚШ ҳукуматининг НУЖ дастурлари билан боғлиқ "тарихий маълумотларни кўриб чиқишда давом этмоқда", деди Гоуф.