Бугун 3 сентябрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Пекинда Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди

Пекинда Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди

2 сентябрь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Хитой етакчиси ва дўст Хитой халқини Ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзинь шаҳридаги саммити муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.

Ўзбекистон Президенти ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг глобал бошқарув бўйича ташаббуси ўз вақтида илгари сурилгани ва долзарб аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидлади.

Давлат раҳбарлари ўтган йиллар давомида икки томонлама муносабатлар ривожида катта ютуқларга эришилганини таъкидладилар. Барча даражалардаги алоқалар суръати ошиб бораётгани, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, муҳим масалалар юзасидан томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

"Ягона Хитой" сиёсатини қўллаб-қувватлаш ҳамда "уч ёвуз куч" - терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш масалаларида Ўзбекистоннинг позицияси ўзгармас экани тасдиқланди.

Савдо-иқтисодий, технологик ва молиявий-инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Ўтган йили товар айирбошлаш 14 миллиард доллардан ошди, йил бошидан эса яна 23 фоизга ўсди. Саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш орқали бу кўрсаткични 20 миллиардга етказиш вазифаси турибди.

Инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда. 2024 йилда умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ 64 та лойиҳа ишга туширилган. Мамлакатимиз ҳудудларида қўшма технопарклар ва махсус индустриал зоналар фаолият юритмоқда, "BYD" электромобилларини ишлаб чиқариш кенгайтирилмоқда ва маҳаллийлаштириш даражаси оширилмоқда.

Ташриф арафасида бизнес форуми муваффақиятли ўтказилди. "Яшил" энергетика ва энергия самарадорлигини ошириш, жамоат транспортини модернизация қилиш ва рақамлаштириш, пуллик автомобиль йўлларини барпо этиш, муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, шунингдек, кимё, сув ва қишлоқ хўжалиги, туризм ва шаҳарсозлик соҳаларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Эксимбанк, Хитой давлат тараққиёт банки, "Ипак йўли" жамғармаси ва бошқа институтлар билан кенг кўламли шериклик кенгаймоқда. Эксимбанк кўмагида яқинда Тошкентда Олимпия шаҳарчаси қуриб битказилди.

Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашгани юқори баҳоланди. Хитой тажрибаси асосида мамлакатимизда камбағалликка барҳам беришга қаратилган қўшма тадбирларни амалга оширишда экспертлик кўмаги давом эттирилади.

Инновацион лойиҳаларни илгари суриш ва мутахассислар тайёрлаш учун Ўзбекистон-Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш таклиф қилинди.

"Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" стратегик темир йўли қурилишининг амалий босқичи бошлангани мамнуният билан қайд этилди.

Илм-фан, тиббиёт, таълим ва туризм соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Мамлакатимизда Шимоли-ғарбий қишлоқ ва ўрмон университетининг филиали ҳамда Халқаро математика маркази очилди. Сиань нефть университети филиалини очиш тўғрисида Битим имзоланди. Пекин технология институти филиалини очиш режалаштирилган.

Жорий йилда Ўзбекистонда иккинчи Таълим форуми ўтказилади. Хитой тилини ўрганишни кенгайтириш ва ўзбекистонлик ёшларини ўқитиш учун квоталарни кўпайтириш, Конфуций институтлари фаолиятини ривожлантириш қўллаб-қувватланди.

Мамлакатимиз ҳудудларида энергетика, машинасозлик, сунъий интеллект, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги соҳалари учун мутахассислар тайёрлайдиган Ўзбекистон-Хитой "Лу Бань устахоналари"ни ташкил этиш кўзда тутилган.

Сайёҳлар алмашинуви ўсиши учун шароит яратиш мақсадида авиақатновлар сони оширилмоқда, икки мамлакат ўртасида визасиз тартиб жорий этилди.

Шу кунларда Хитой Миллий музейидаги катта кўргазмада Ўзбекистон ҳам қатнашмоқда. 2027 йилда Шанхай ва Пекинда санъат кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган.

Ташриф доирасида ўзаро маданият марказларини очиш тўғрисида тарихий битим қабул қилинади.

Учрашувда халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ, "Марказий Осиё - Хитой" формати ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги мувофиқлашув ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон етакчиси Хитой раҳбарини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди. Учрашув ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.

Киритилди: 08:24 02.09.2025. Ўқилди: 468 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!