Пекинда 2025 йилнинг август ойида гуманоид роботлар дўкони очилади. Бу ҳақда China Daily газетаси хабар берди.
Дўкон 2025 йил 8−12 август кунлари бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон роботлар конференцияси давомида Пекиндаги иқтисодий ва технологик ривожланишнинг махсус ҳудуди — Ичжуанда тақдим этилади. У 2025 йил ноябрь ойидан тўлиқ фаолиятини бошлайди.
Дўкон 4С тизими асосида ишлайди. Бу тизим савдо, сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш, эҳтиёт қисмлар етказиб бериш ва техник кўрикдан ўтказишни ўз ичига олган ваколатли дилерлик маркази моделини назарда тутади.
Унда роботларни реал сценарийларда синаб кўриш мумкин бўлган намойиш зоналари жойлаштирилади. Мамлакат бўйлаб бутловчи қисмларни етказиб бериш тармоғини ва роботларни йиғиш ва таъмирлаш бўйича жамоани яратиш режалаштирилган.
Дўкон билан ҳамкорлик шартномасини ўнта компания имзолади, улар орасида UBTech, AgiBot, Galaxea ва бошқалар бор. Эҳтимол, айнан шу компаниялар унда тақдим этиладиган биринчи робот ишлаб чиқарувчилари бўлишади.
Сунъий интеллект ва ҳаракат бошқаруви соҳасидаги ютуқлар туфайли, глобал гуманоид роботлар бозори келгуси уч йил ичида 1 трлн юандан ($139,17 млрд) ошиши тахмин қилинмоқда.
“Уларни қўллаш соҳалари саноат ишлаб чиқаришидан тижорат хизматлари ва уй-рўзғор фойдаланишигача кенгайиши кутилмоқда”, — деди Пекин иқтисодий ва технологик ривожланиш зонаси бошқарув қўмитаси директори ўринбосари Лян Лян.
Лойиҳага жами 100 га яқин фирма қўшилишни истаётган бўлиб, булар робот ишлаб чиқарувчилар, эҳтиёт қисмлар етказиб берувчилар ва бошқа соҳалар вакилларидир.
Бундан ташқари, дўкон банклар билан ҳамкорлик қилади — харидорлар роботни кредитга олиш имкониятига эга бўлишлари учун, чунки унинг қиймати автомобиль нархига тенг келади.