Хитой Яқин Шарқда кескинликни кучайтириши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан воз кечиш ва Сурия суверенитетини ҳурмат қилишга чақирди.
Хитой Исроилнинг навбатдаги ҳаво ҳужумлари фонида Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилишга чақирди.
Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Лин Цзянь Пекиндаги матбуот анжуманида баёнот берди.
«Яқин Шарқдаги вазиятни янада кескинлаштириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиш лозим», — деди у.
Ушбу баёнот Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Сурияга қилган сўнгги зарбаларидан сўнг янгради. 16 июль куни исроиллик учувчилар мамлакат пойтахти Дамашқ ва унга яқин жойлашган Катана туманига ҳужум қилди.
Исроил томони маълумотига кўра, тушлик пайтида зарба Сурия Бош штабининг биносига қаратилган. Кейинроқ шу бинога яна икки марта ҳужум қилинган.
13 июлдан буён жанубий Сурияда, хусусан, Эс-Сувейда вилоятида друз жамоалари ва бедуин араб қабилалари ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.
Исроил друз жамоасини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватламоқда ва уни Сурия марказий ҳукумати билан интеграциялашувига тўсқинлик қилиш ниятида.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мудофаа вазири Исраэль Кац Сурияга қарши зарбалар кучайишини маълум қилган.
Можаро бошланганидан бери Исроил друзларга сиёсий ва ҳарбий ёрдам кўрсатишга ваъда берган.