Telegram асосчиси Павел Дуров мессенжернинг Россия ҳудудида секинлаштирилиши фонида илк баёнотини берди.
"Россия ўз фуқароларини давлат томонидан назорат қилинадиган, кузатув ва сиёсий цензура учун яратилган иловага ўтишга мажбурлаш мақсадида Telegram’га киришни чекламоқда", — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.
Дуров, шунингдек, саккиз йил олдин Эронда ҳам мессенжерни блоклашга ҳаракат қилинганини, бироқ унинг сўзларига кўра, бу натижа бермаганини эслатиб ўтди. "Тақиқларга қарамай, эронликларнинг аксарияти ҳали ҳам Telegram’дан фойдаланади. Фуқаролар эркинлигини чеклаш ҳеч қачон тўғри ечим бўлмайди. Telegram ҳар қандай босимга қарамай, сўз эркинлиги ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқини ҳимоя қилади", — дея қўшимча қилди тадбиркор.