Саркози 21 октябрдан бери Ла-Санте қамоқхонасида сақланаётган эди. У 2007 йилги сайлов кампаниясини ноқонуний молиялаштириш иши бўйича айбдор деб топилган.
Айблов томонининг версиясига кўра, Николя Саркози ўз ёрдамчиларига Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Қаззофий билан алоқа ўрнатишга рухсат берган. Бунинг эвазига у сайлов кампанияси учун молиявий ёрдам олган ва Қаззофийга Ғарб билан муносабатларни тиклашда кўмаклашишга ваъда берган.
Саркози беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган, аммо у бу қарорга апелляция шикояти киритганди. Францияда, айрим истиснолардан ташқари, жиноий ишлар бўйича ҳукмлар фақат барча шикоят имкониятлари тугагач кучга киради. Шу сабабли, Саркози қамоққа жойлаштирилган заҳоти унинг адвокатлари уни озод қилиш ҳақидаги ариза топширганди.
Николя Саркози 2007–2012 йиллар давомида Франция президенти бўлган. У Европа Иттифоқи мамлакатлари раҳбарлари орасида қамоққа тушган биринчи шахс ҳисобланади.