Facebook’да Тамара Боязитова исмли фойдаланувчи томонидан “Юнусобод тумани Ц5 даҳасида пенсия пуллари ҳар ой бир хил тартибда, бир хил жойда одамларни тўплаб тарқатилади, пандемия даврида бу пенсионерлар учун хавфли”, деган мазмундаги пост қолдирилган.
Халқ банки ушбу ҳолат бўйича ўрганиш олиб борди ва қуйидагиларни маълум қилади. Бугунги пандемия даврида пенсия ва нафақа пуллари карантин талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда пенсионер ва нафақахўрларнинг уйларига нақд шаклда етказиб берилмоқда. Белгиланган график асосида ҳар ойнинг 27-санасига қадар пенсионернинг пенсия пуллари уларнинг уйларига олиб бориб берилади.
Республикамизда карантин талаблари юмшатилгач фуқароларимиз, аниқроғи пенсионерларимиз маҳалла гузарлари, чойхоналарга чиқишни бошлади. Пенсия пулларини тарқатиш учун маҳаллага борган сайёр касса ходимларини кўргган пенсионерлар тарқатиш графикларига қарамай пенсия пулларини олиш мақсадида банк ходимлари атрофига тўпланишмоқда. Сайёр касса ходимлари томонидан ҳар сафар пенсия пуллари уларнинг уйларига етказилиши, бир жойга тўпланмаслиги кераклиги тушунтириб келинмоқда.