Кремль ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков Озарбайжоннинг Лочин шаҳри келаси йили Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)нинг маданий пойтахти сифатида танланишини маълум қилди.
Ушаков журналистларга 8 октябрь куни Москвада бўлиб ўтадиган МДҲ давлат раҳбарлари саммитида гуманитар масалалар бўйича қарорлар қабул қилинишини билдирди.
“2025 йилда Лочин (Озарбайжон), 2026 йилда Мегри (Арманистон) ва 2027 йилда Молодечно (Беларус)га маданий пойтахт мақомини бериш лойиҳалари муҳокама қилинади”, — деди маслаҳатчи.
2024 йилда Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳри МДҲнинг “маданий пойтахти” деб эълон қилинганди.
Лочин шаҳри 1992 йил май ойи ўрталаридан 2020 йил 1 декабргача шаҳар тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси назорати остидаги ҳудудда жойлашган бўлиб, Бердзор деб аталган. Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувдан сўнг, шаҳар жойлашган Лочин йўлаги Россия тинчликпарвар контингентининг вақтинчалик ҳарбий назорати остига ўтди. 2022 йил 26 августда шаҳар бутунлай Озарбайжон тасарруфига ўтди.