Бугун 13 июнь, 2025 йил, жума

O'ZB

Озарбайжоннинг фашизм устидан қозонилган ғалабадаги роли

Озарбайжоннинг фашизм устидан қозонилган ғалабадаги роли

Иккинчи жаҳон урушида Озарбайжоннинг роли жуда муҳим ва аҳамиятли эди. Озарбайжон урушнинг ҳам ҳарбий операцияларига, ҳам иқтисодий ва стратегик соҳаларига катта ҳисса қўшди. Озарбайжон халқи фронтда ҳам, орқада ҳам катта мардонавор туриб, армияга зарур ёрдам кўрсатди. Уруш бошланганда Озарбайжон аҳолиси фронтга кетишга тайёр эди. Бу урушда Совет Иттифоқининг бошқа халқлари сингари озарбайжонликлар ва ўзбеклар ҳам елкама-елка қаҳрамонларча курашдилар. Умуман олганда, уруш давомида 11 мингдан ортиқ аёллар сафарбар қилинди, 260 мингга яқин уй бекаси, пенсиядаги фуқаролар ва ўсмирлар ишга келди. Армия бўлинмалари учун 15 минг тиббиёт ходими ва санитария назоратчиси, 750 сигналчи ва 3 минг ҳайдовчи тайёрланди. Озарбайжон ССР ҳудудида 87 та батальон, 1123 та ўзини ўзи мудофаа қилиш бўлинмалари ва бир нечта миллий бўлинмалар тузилди: 77, 223, 227, 242, 271, 392, 394, 396, 402, 414 ва 416.

“Агар Озарбайжон нефти бўлмаганида...”

1941–1945-йиллардаги Улуғ Ватан урушида ғалаба қозонишда Боку нефтининг ролига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Боку нефтининг урушдаги роли Озарбайжоннинг стратегик аҳамиятини тушуниш ва урушнинг тарихий шароитларини тўғри акс эттириш учун муҳим мавзу ҳисобланади. Уруш йилларида Озарбайжонда нефть қазиб олиш кўпайтирилди ва бу нефть Совет қўшинларининг ҳарбий техникаси, танклари, самолётлари ва денгиз флотига ёқилғи сифатида ишлатилди.

Нефтчиларимиз барча қийинчиликларга қарамай, уруш йилларида фидокорона меҳнат қилиб, фронт ва саноатни ёқилғи билан таъминладилар. Академик Юсиф Мамедалиев раҳбарлигида авиабензин олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилди. 1941–1945 йиллар ичида кимё ва нефть-кимё саноатининг 63 та янги корхонаси ишга туширилди. 1941-йилда нефтчиларимиз фидокорона меҳнати туфайли Озарбайжон тарихида рекорд даражадаги 23,5 миллион тонна нефть қазиб олинди, бу ССРСда ишлаб чиқарилган нефтьнинг умумий ҳажмининг 71,4 фоизини ташкил этди. Умуман олганда, уруш йилларида Озарбайжон нефтчилари мамлакатга 75 миллион тонна нефть, 22 миллион тонна бензин ва бошқа нефт маҳсулотлари етказиб берган. Бешта самолётдан тўрти, бешта танкдан тўрти ва бешта машинанинг тўрти Боку ёқилғиси билан ишлаган. Уруш йилларида Совет Иттифоқи томонидан ишлатиладиган барча нефтнинг 70 фоиздан ортиғи, бензиннинг 80 фоиздан ортиғи ва мотор мойларининг 90 фоиздан ортиғи Озарбайжонда ишлаб чиқарилган.

Умуммиллий лидер Ҳайдар Алиев 1941–1945 йиллардаги уруш ҳақида шундай деган эди:

“Озарбайжоннинг бу Ғалабага эришишдаги ҳиссаси фақат фронтларда жанг қилганларнинг жасорати билан чекланмайди, бу Ғалабага эришилиши Озарбайжон Республикаси нефтчилари, бутун Озарбайжон халқига тегишли улкан меҳнат туфайлидир. Озарбайжон фронт ва орқа қисмларни таъминлади. Гап шундаки, нефт ва нефт маҳсулотларининг 70 фоиздан ортиғи Озарбайжондан келган. Ахир, Иккинчи жаҳон уруши моторлар, танклар ва самолётлар уруши эди. Озарбайжон халқи кеча-ю кундуз нефть қазиб, нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарди, фронтга ва Совет Иттифоқининг бошқа ҳудудларига жўнатди. Шундай қилиб, халқимиз Ғалабага катта сармоя киритди, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага, ўша пайтдаги Ватан ҳимоясига катта ҳисса қўшди.”

Уруш йилларида Озарбайжон ҳам ҳарбий саноат ва таъминотнинг муҳим манбаи бўлган. Боку нефти танклар, қуроллар ва самолётлар учун зарур материалларни ишлаб чиқаришда катта роль ўйнаган. Боку Совет армияси эҳтиёжларини таъминловчи муҳим логистика маркази ҳам бўлган. Уруш йилларида Озарбайжон корхоналари ҳарбий техника ва қуролларни ишлаб чиқариш учун қайта профилланган. Бу уруш талабларига мувофиқ катта ҳисса эди.

Уруш йилларида тинч аҳолининг кўмаги фронтдаги аскарларга катта маънавий ёрдам кўрсатди. Уруш йилларида ҳам Озарбайжон композиторлари ватанпарварлик мавзусида асарлар ёздилар.


“Озарбайжон умумий ғалабага катта ҳисса қўшди”

Уруш охирида озарбайжонлик жангчиларнинг жасорати ва фидойилиги туфайли ғалабага эришилди. Озарбайжоннинг урушда йўқотишлари катта бўлса-да, фронтда кўрсатган жасоратлари унутилмас бўлиб қолмоқда.
Уруш тугагандан сўнг Озарбайжоннинг турли ҳудудларида уруш қатнашчиларига бағишланган ёдгорликлар ўрнатилди. Бу нафақат фронтда жанг қилганлар, балки орқада меҳнат қилганлар хотирасини абадийлаштиришга қаратилган.

Озарбайжонларнинг Улуғ Ватан урушидаги ролини ўрганиш, уларнинг фидойиликларини эъзозлаш ва бу тарихий меросни келажак авлодларга етказиш бизнинг бурчимиздир. Бу уруш шунчаки жанг эмас, балки ватанпарварлик, ҳамжиҳатлик, дўстлик тимсоли ҳамдир.

2024 йил 8 октябр куни Москва шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан МДҲ давлат раҳбарларининг декларацияси қабул қилинди. Тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.

Йиғилишда сўзга чиққан Президент Илҳом Алиев Озарбайжоннинг умумий Ғалабага катта ҳисса қўшганини таъкидлади:

“Ўша пайтда Озарбайжоннинг умумий аҳолиси 3 миллион 400 минг киши бўлганидан 700 мингга яқини фронтга кетган. 350 мингдан ортиқ одам жанг майдонида ҳалок бўлган. Озарбайжоннинг 130 нафар фуқароси Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонини олди. Уруш йилларида Озарбайжон нефтчилари фронтни нефть ва нефть маҳсулотларининг 80 фоиздан ортиғи, ҳарбий техника учун мўлжалланган мойларнинг 96 фоизи билан таъминлаган. Буларнинг барчаси ўша пайтда Озарбайжонда ишлаб чиқарилган, яъни ўша пайтда ССРСда ушбу маҳсулотларнинг умумий ишлаб чиқарилишининг фоизларидир. Озарбайжонда 130 дан ортиқ турдаги қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва техника, жумладан, машҳур “Катюша” ва Як-3 қирувчи самолётлари ишлаб чиқарилган.

…9-май – умумий Ғалаба байрамимиз МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Озарбайжон бу ҳамкорликка катта аҳамият беради ва ўзаро ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшишда давом этади.”

Дарвоқе, ўша оғир йилларда 1,9 миллиондан ортиқ ўзбек аскари фронтга сафарбар этилган бўлиб, улардан 538 мингдан ортиғи ҳалок бўлди, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолди, 870 мингдан ортиғи ярадор бўлди, 60 мингдан ортиғи фронтдан ногирон бўлиб қайтди. 1941–1945 йилларда 80 мингдан ортиқ ўзбекистонлик орден ва медаллар, жумладан, Польша, Венгрия, Франция, Италия ва бошқа мамлакатларнинг мукофотлари билан тақдирланган, 53 нафари “Шон-шуҳрат” ордени рицарлари, 72 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони фахрий унвони билан тақдирланган.

9-май – фашизм устидан қозонилган тарихий Ғалабанинг йиллиги Озарбайжон мамлакатида ҳар йили тантанали равишда нишонланади. Президентибиз Илҳом Алиев ҳар йили Ғалаба кунида урушнинг атоқли қўмондони, халқимизнинг жасур фарзанди, танк қўшинлари генерал-майори, икки карра Совет Иттифоқи Қаҳрамони Ази Аслановни, шунингдек, халқимизнинг бошқа қаҳрамон ўғлонларини чуқур ҳурмат билан ёдга олади, уруш фахрийлари билан учрашади, уларни Ғалаба байрами билан табриклайди.

Озарбайжон Ғалабада ҳам фронтда, ҳам орқада катта роль ўйнади ва уруш давомида муҳим ёрдамни берди. Озарбайжон халқининг уруш давридаги жасорати, фидойилиги ва матонати унутилмасдир.

Иккинчи жаҳон урушида қатнашган озарбайжонликларнинг аксарияти фронтда беқиёс фидойилик кўрсатди. Уларнинг бу урушдаги жасорати ва ғалабага чексиз ишончи уларни нафақат Озарбайжон, балки бутун дунё қаҳрамонларига айлантирди. Бу қаҳрамонларнинг ворислари 44 кунлик Ватан урушида Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тиклаб, шараф билан курашдилар. Озарбайжон халқи ўз тарихини улуғлаб, миллий қаҳрамонлар номини ёдга олиб, кучли давлат учун курашни давом эттирмоқда. Бу жараён тарихий анъаналарни асраб-авайлаш, келажак авлодларга етказиш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эгадир.


Фуад Ҳусайнзода, “Диаспора фаолиятини журналистик қўллаб-қувватлаш” жамоат бирлашмаси раиси

Киритилди: 15:29 09.06.2025. Ўқилди: 730 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!