Бугун 27 февраль, 2021 йил, шанба

O'ZB

«Оёқ-қўлларимни боғлаб қўйиб, зўрлашди»: Фарғонада 19 ёшли қизни ўғирлаб, бир ой давомида номусига тегишди

«Оёқ-қўлларимни боғлаб қўйиб, зўрлашди»: Фарғонада 19 ёшли қизни ўғирлаб, бир ой давомида номусига тегишди

Фарғона вилояти Қува туманидага коллежда ўқийдиган 19 ёшли қиз 2020 йилнинг март ойида ўғирлаб кетилганлигини ва бир ой давомида уч киши томонидан зўрлаб келинганини айтмоқда. «Дарё» нашрининг суриштирувига кўра, ИИБ мурожаатни ўрганиб, жиноят аломати йўқ дея хулоса қилган ва жиноят иши қўзғатмаган.

Зўрланганини айтган қиз, Р.С. 2020 йилнинг 14 мартида дугонасининг уйига бир ҳафта туриш учун Фарғона шаҳрига боради. Шу орада карантин чекловлари жорий этилгач, Р.С. ўша ерда қолишга мажбур бўлади.

25 март куни дугонаси билан яқин орадаги дўконга чиққанида Р.С.га нотаниш бўлган Т.С. исмли шахс қизларни мажбурлаб машинасига ўтқазиб, олиб кетишга уринади. Қизлардан бири қаршилик кўрсатиб, машинадан тушиб, қочишга улгуради.

«Дугонам ўша ерда қолиб кетди. Мени мажбурлаб машинада олиб қолди. Қаршилик кўрсатиб, урушсам ҳам қўйиб юбормади. Нима учун бундай қиляпсиз, қаёққа олиб кетяпсиз, дедим. „Сен қидирувда экансан, уйингга олиб бориб қўяман“, деганидан кейин бироз хотиржам бўлдим. Қувага келгач, уйимга олиб келмасдан, темир йўл станцияси томондаги домга олиб бориб, мажбурлаб ўша уйга олиб кирди. Қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилдим, лекин кучим етмади. Қўлларим ва оғзимни боғлаб қўйиб, бир неча марта зўрлади. Устимдан қулфлаб қўйиб, ўша уйда бир ой олиб ўтирди. Ҳар икки кунда мажбурлаб, жинсий алоқада бўларди», — дейди Р.С.

Қиз у ерда яна икки нафар йигит ва бир аёл ҳам бўлганлигини таъкидлади. Унинг айтишича, Т.С. қизни қўшниси ва дўсти билан ҳам жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. Қиз қаршилик кўрсатганда, уни уриб, кўпчилик бўлиб зўрлаган.

Қизни 2004 йилда туғилган вояга етмаган Д.Ж. билан ҳам жинсий алоқа қилишга мажбурлашган. Т.С. ушбу ҳолатларни мунтазам видео ва расмга олган. Қизга эса ушбу воқеа ҳақида кимгадир айтса, расм ва видеоларни интернетда тарқатишини айтиб, қўрқитган.

Бу ҳолат бир ой давом этган. Қизнинг телефони олиб қўйилган ва у қочиб кетолмаган.

2020 йил 25 апрель куни Т.С. қизни ички ишлар бўлимига олиб келган. Уйга қайтган Р.С. қўрққанидан бўлган воқеаларни ҳеч кимга айтмаган. Лекин тўрт-беш ой ўтгач, қизнинг ҳомиладор эканлиги сезилади. Шундан сўнг, қиз бор гапни ота-онасига айтиб берган.

«Қизимнинг дугонаси қўнғироқ қилиб, уни иккита йигит мажбурлаб машинага миндириб, олиб кетганини айтди. Кейин биз уни қидиришга тушдик. Ички ишларга мурожаат қилдик. Карантин бўлиб қолди, қизингизни топиш қийин бўляпти, деб анча вақт пайсалга солишди. Бир ой деганда, ички ишлар ходимлари қизимни уйга олиб келиб беришди. Нима бўлганини сўрасак, айтишни хоҳламади», — дейди қизнинг отаси Х.Т.

У Р.С.нинг ҳомиладорлиги билинганидан кейин ва бўлиб ўтган воқеалар аён бўлгандан кейин, қизига ҳеч ким яхши муносабатда бўлмаганлигини айтади.

«Қўни-қўшни, қариндошлар биздан юз ўгиришди. Жаҳл устида қизимни уйдан ҳайдаб юбордим. Орадан бир ой ўтиб, қариндошларимизникидан топиб, уйга олиб келдим. Нима қилай, фарзандим экан, ачиндим. 21 декабрь куни қиз фарзандли бўлди. Бошимизга тушган ишларни душманимга ҳам раво кўрмайман. Ўлиб бўлдик», — дейди қизнинг отаси.

Қизнинг ҳомиладорлиги маълум бўлгач, унинг яқинлари бир неча марта прокуратура ва ички ишлар идораларига, халқ қабулхонасига мурожаат қилган.

Мурожаатлар юзасидан 2020 йилнинг 22 октябрида юборилган расмий жавоб хатида таъкидланишича, мазкур ҳолатда Т.С. ва вояга етмаган Д.Ж.нинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тўпланган ҳужжатлар юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

«Оёқ-қўлларимни боғлаб қўйиб, зўрлашди»: Фарғонада 19 ёшли қизни ўғирлаб, бир ой давомида номусига тегишди

Фото: «Дарё»

Қизнинг яқинларига оилавий ва фуқаролик низолар бўйича даъво билан фуқаролик судига, оталикни белгилаш ва турмуш қуриш масаласида ФҲДЁ органларига мурожаат қилиши, шунингдек, ДНК текшируви ўтказиши мумкинлиги тушунтирилган.

«Ҳамма айбни қизимизга юклашди. Ўзи хоҳлаб шу ишларни қилган экан. Уларга ҳеч қандай чора кўрилмади. Ҳеч нарса бўлмагандек, бемалол юришибди. Ҳали коллежда ўқиётган ўқувчи қизни мажбурлаб олиб кетиб, бир ой хоҳлаган ишини қилишлари жиноят эмасми? Шунча ишни қилганлар жазосини олиши керакми? Қизимнинг ҳаёти барбод бўлди-ку. Коллежни ҳам тугата олмади, дипломсиз қолиб кетди. Бизга уларнинг ҳеч нарсаси керак эмас. Боласини ҳам ўзим боқиб оламан. Фақат айбдорлар жазосини олиши керак», — дейди қизнинг отаси.

Фарғона вилоят прокуратураси ҳам ҳолат юзасидан расмий маълумот берган. Унда Р.С.ни «зўрлик ишлатиб номусига тегилганлиги, олиб кетилганлиги ва асоссиз ушлаб турилганлиги ҳақидаги важлари экспертиза хулосаси, тушунтириш хатлари ва иш юзасидан тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топмаган"лиги таъкидланади. «Ўрганиш давомида текширув жараёнини бевосита назорат қилган Қува тумани прокуратураси ходимлари хатти-ҳаракатларида қонун бузилиши ҳолати аниқланмаган», — дейилади прокуратура ахборотида.

«Дарё» мухбири Р.С. яшаган МФЙ масъуллари билан ҳам суҳбатлашган. МФЙ раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Саида Ботирова Р.С. 2020 йил январь ойида ҳам уйидан рухсатсиз чиқиб кетиб, анча вақт топилмаганини айтади. Сўнг қиз уйга олиб келиниб, далолатнома тузилади ва отасидан тилхат ёздириб олинади.

Маҳалла мутасаддилари қиз фарзандли бўлганда дори-дармонлар олиб беришган, унинг оиласига озиқ-овқат маҳсулотлари ва пул ҳам берилган, дея хабар беради «Дарё».

Киритилди: 16:42 21.01.2021. Ўқилди: 15308 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!