Яқинда Япония миллий архиви император армиясининг Иккинчи жаҳон уруши даврида бактериологик қурол устида иш олиб борган «731-отряд»нинг 3,6 минг аъзолари фаолиятини ошкор қилди.
Таассуфлар бўлсинки, мазкур бўлим тажрибалар чоғида тирик инсонлардан фойдаланган. Уларнинг аксарияти хитойлик, собиқ иттифоқ ёки корейс асирлар бўлган. Ўзининг 9 йиллик мавжудлиги давомида отряд 3 минг инсоннинг бошига етган, яъни деярли ҳар куни бир бечора қийналиб жон таслим қилган.
Тиббиёт фанлари профессори Кацуо Нисияма бошлиқ бир гуруҳ олимлар «731-отряд» фаолиятини оммага ошкор этиш келажакда яна шу каби ҳолат такрорланишига замин яратади, деган фикрда эдилар. Шу боис Япония архиви уни сир сақлаб келди.
Мазкур ишнинг очилиши юзасидан муҳокамалар икки йилга чўзилди. Натижада «731-отряд»нинг 3607 та аъзоси исм-шарифи ва манзиллари эълон қилинди. Улар орасида 52 та жарроҳ, 38 та ҳамшира, 49 та инженер ҳамда 1117 та ҳарбий шифокор бўлган.
Ўлим фабрикаси
Юқоридаги отряднинг чиркин ишлари асосида япон тадқиқотчиси Моримура Сэйита ўзининг «Иблис ошхонаси» номли китобини ёзган. Унинг мундарижаси шу қадар даҳшатлики, сўз бошида муаллиф ўқувчиларни бутун инсониятга бўлган ишончи йўқолишидан огоҳлантиради.
Бактериологик қурол яратиш ғояси Япония империясининг хаёлига 1920-йилларда келганди. Ўшанда мамлакат шиддат билан ўсиб бораётганди. АҚШ ва Буюк Британиядаги рақибларини йўқ қилиш ва собиқ иттифоқдаги фуқаролик урушидан сўнг самарали қурол яратишга эҳтиёж туғилди. Уни яратиш учун япон микробиологи Сиро Исии таклиф қилинди.
30-йилларнинг бошида Исии Европанинг таниқли бактериологик лабораторияларига саёҳат уюштирди. Сафар натижаларига асосланган ҳисоботида олим биологик қурол империяга ақл бовар қилмас устунлик беришини таъкидлади.
«Артиллерия снарядларидан фарқли ўлароқ у инсонларни бир зумда ўлдирмайди, бироқ биз яратган бактериялар ортиқча шовқин-суронсиз тирик организм ва ҳайвонлар танасига кириб олиб, секин, аммо оғриқли ўлимни келтириб чиқаради. Бунинг учун кийим-кечак, косметика, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ичимликлар, сўйиб ейиладиган ҳайвонларга шу бактерияларни юқтиришнинг ўзи кифоя. Ҳатто айрим бактерияларни ҳавода тарқатиш ҳам мумкин», — деб ёзган эди Исии.
Ҳисобот япон ҳарбий раҳбариятини ром қила олди ва 1932 йилда ҳарбий вазир Садао Араки биологик қурол ишлаб чиқариш юзасидан тадқиқот олиб боришга рухсат берди. Лабораторияни қуриш ишлари японлар томонидан босиб олинган Манчжуриядан 20 км шимолда, Харбин вилоятида бошлаб юборилди. Отряд бошлиғи этиб Сиро Исии тайинланди. Олим энг зўр Япония университетларининг кўзга кўринган битирувчиларини танлаб олди. Комплекс расмий равишда Квантун армиясини сув билан таъминлаш бош бошқармаси деб номланди. Мазкур бўлим куратори этиб 1940 йилда шаҳзода Такэда тайинланди.
Ҳомиладор аёл ва болалар устида ўтказилган тажрибалар
Комплекдаги асосий ишлар 1936 йилда бошлаб юборилди ва шу билан 1945 йилгача давом этди. Ўзининг 9 йиллик фаолияти давомида отряд жуда кўплаб тирик инсонлар устида ваҳшиёна тажрибалар ўтказди. Бунинг учун тажриба остидагиларга гоҳ касаллик юқтириб, симптомларини кузатишса, гоҳида уларнинг айрим аъзоларини кесишган. Буларнинг барчаси оғриқсизлантирувчи муолажаларсиз амалга оширилган: уларнинг фикрича, бу тажрибанинг софлигига халақит берармиш. Асирнинг ҳаётини қувватлантирувчи терапия сақлаб турган.
Отрядда асирларни «тўнка» деб аташган. Ҳар бир касалликнинг ривожланиш босқичларини ҳужжатлаштириш учун процедураларга рассомлар таклиф қилинган. Оқ-қора фотолар тадқиқотчиларни қониқтирмагани туфайли улар ҳар бир органдаги ўзгаришларни қоғозга муҳрлаб боришган.
«731-отряд»нинг махсус бўлими инсон организми иродасини ўрганишга мўлжалланган. Асирларнинг қўл ва оёқлари кесилган, тирик одамни музлатиб ёки ёқиб кўришган. Қорасон қандай ривожланишини кузатиш учун эса уларни алоҳида барокамераларга қамаб, жон талвасасида нималар қилишига эътибор қаратишган. Мазкур тажрибалар ҳатто болалар ва ҳомиладор аёлларда ҳам ўтказилган. Ҳатто айрим чиркин кузатувлар ҳомиладор аёлларнинг туғилмаган ҳомиласида ҳам олиб борилган. Одамларнинг ҳаётий муҳим органлари — ичакдан тортиб миягача жудо қилиб, бунга қандай дош беришини кузатиш уларнинг севимли машғулоти бўлган.
«Тажриба қуёнча»лари хусусида
Тажрибалар чоғида мўъжиза туфайлигина омон қолган инсонларни яна ва яна зарарлашган. Тадқиқот остидагиларнинг ҳеч бири комплекс сарҳадидан тирик чиқиб кета олмаган. Қурбонларнинг аниқ миқдори маълум эмас, бироқ уларни тахминан 3 мингта деб баҳолаш мумкин. 70 фоиз «тажриба қуёнлари» хитойлик, 30 фоизи собиқ иттифоқ фуқаролари, қолганлар эса корейс, маньчжур, мўғул, америкалик, британиялик ҳамда австралиялик бўлган.
«731-отряд» тажрибадан ўтказган касалликлар орасида Сибир ўлати, қора чечак ҳамда ботулизм ҳам бўлган. Ўз тадқиқотлари даврида гуруҳ аъзолари одатдагидан 60 баробар кучлироқ ўлатни яратишган, деган тахминлар ҳам юради.
Бактериологик қурол ишлатилганми?
Отряд фаолияти фақат лаборатория текширувлари билан чекланиб қолмаган. Бактериологик қуролни японлар хитойликларга қарши қўллаб кўришган. Хитойлик партизанлар ва фронт орти пиёда аскарларига ичтерлама касаллиги юқтирилган. «731-отряд» ўзининг қатор операциялари билан япон армияси миннатдорчилигига сазовор бўлган. Ҳатто собиқ иттифоқ билан уруш юзага келса, бактериологик қуролни унга қарши қўллаб кўришни ўйлаб қолишганди: ўшанда Хабаровск, Благовешенск, Чита шаҳарларини зарарлаш кўзда тутилган. Шунингдек, АҚШ ҳудудини ҳам япон ҳарбий қўшини осмондан туриб заҳарлашни кўзлаганди.
Бу ҳаракатларга премьер-министр Хидэки Тодзио қарши чиқди. Сиёсатдон уруш бой берилганини яхши тушуниб, америкаликлар қасосидан хавфсиради.
Қасос вақти келди
Ваҳшийлар отряди ўз фаолиятини 1945 йил 9 августда, собиқ иттифоқ ҳарбийлари Маньчжурияга кириб келган ва Нагасакига иккинчи атом бомбаси тушганидан сўнг тўхтатди. Юқоридан отряднинг мавжудлигини исботлайдиган барча далилларни йўқ қилиш юзасидан топшириқ олинди. Тиббий ходимлар, аниқроғи, қассоблар эвакуация қилинди, ҳужжат ҳамда тажриба остидагилар йўқ қилинди. Лаборатория ҳудудини портлатишди. Қизил армия шиддат билан кириб келгани ҳисобига ҳужжатларнинг аксарияти ҳамда бир нечта офицерлар қўлга олинди. Сиро Исии ўзини озод қилишлари ҳисобига муҳим материалларни америкаликларга топширишга рози бўлди.
Америка ҳарбийларига тақдим этилган маълумотлар ҳалигача сирлигича қолмоқда. Америкликлар қўлига асир тушган «731-отряд»нинг бирорта аъзоси Токио трибуналида суд қилинмади. Тадқиқотларни бошқарган шаҳзода Такэда ҳам жазосиз қолди.
Отряднинг собиқ иттифоқ ҳарбийлари қўлига тушганлари эса 1949 йил Хабаровск трибуналига тортилиб, 2 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум этилди. Маълумотларга кўра, асир тушган японлар ўз тадқиқотлари натижасини собиқ иттифоқ мутахассислари билан ҳам ўртоқлашишган.
Сиро Исии қаерда?
Сиро Исии генерал-лейтенант мақомига эга бўлиб, 1959 йилда Японияда вафот этди. Айрим гап-сўзларга кўра, у америкаликлар билан ҳамкорлик олиб бориб, тадқиқотларини кейин ҳам давом эттирган. Унинг ўринбосари Масахи Китано эса урушдан сўнг япон «Яшил хоч» фармацевтика компаниясида ишлаб, уруш йилларидаги фаолияти хусусида ҳеч кимга чурқ этиб оғиз очмади. Фақат отряднинг бир гуруҳ офицер ҳамда аъзоларигина умрлари сўнггида ўз таассуротлари билан ўртоқлашишди. Уларнинг хотиралари асосида эса Моримура Сэйити ўз китобини ёзиб тугаллаган.