Бугун 18 сентябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Осиё ўйинларига тўфон хавф солмоқда

Осиё ўйинларига тўфон хавф солмоқда

Японияда ўтказиладиган ХХ Осиё ўйинлари ташкилотчилари мусобақанинг дастлабки кунларида кузатилиши мумкин бўлган ноқулай об-ҳавога тайёргарлик кўрмоқда. Reuters хабарига кўра, 21 сентябрь куни Аичи-Нагоя ҳудудига яқинлашиши кутилаётган "Дужуан" тўфони мусобақалар тақвимига таъсир кўрсатиши мумкин.

Маълум қилинишича, Япониянинг Тинч океани қирғоқлари яқинида шаклланган бўрон шимоли-ғарбий йўналишда, Нагоя жойлашган марказий минтақа томон ҳаракатланмоқда. Унинг доимий шамол тезлиги соатига 90 километр атрофида бўлиб, айрим пайтларда 126 км/соатгача кучайиши прогноз қилинмоқда.

Япония Олимпия қўмитаси ижроия кенгаши аъзоси ҳамда мамлакат делегацияси раҳбари Косей Иноуэ вазият назоратда эканини маълум қилди.

"Кучли ёмғир ва ноқулай об-ҳаво сабаб айрим мусобақалар аллақачон кечиктирилди ёки бошқа вақтга қолдирилди. 21 сентябрь куни тўфон минтақага янада яқинлашиши мумкин. Кутилмаган вазиятларга тайёр туриш ва зарур чораларни кўриш мақсадида мутахассислар билан йиғилишлар ўтказяпмиз", деди Иноуэ.

Ўтган ҳафтада ҳам Нагоя ва унга яқин ҳудудларда кучли ёмғир кузатилган эди. Оқибатда мактаблар вақтинча ёпилган, поездлар қатнови тўхтатилган ва бир неча юз нафар спортчи яшаш жойларидан эвакуация қилинган.

Маълумот учун, ХХ Осиё ўйинлари 19 сентябрдан 4 октябрга қадар Япониянинг Аичи-Нагоя ҳудудида бўлиб ўтади. Расмий очилиш маросими 19 сентябрга белгиланган. Шу билан бирга, футбол, баскетбол ва волейбол каби айрим жамоавий спорт турларидаги мусобақалар аллақачон бошланган.

Турнирда Осиё Олимпия кенгашига аъзо 45 та Миллий олимпия қўмитаси вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Спортчилар 43 та спорт турининг 70 та йўналишида 468 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.

5-Параосиё ўйинлари эса 18–24 октябрь кунлари Аичи-Нагояда ўтказилади.

Киритилди: 23:43 17.09.2026. Ўқилди: 350 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!