Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 20-мартда имзолаган “Оғир атлетика спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизда ушбу спорт турини янада оммалаштириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Жорий йилнинг 31-март – 11-апрел кунлари Таиланднинг Пхукет шаҳрида оғир атлетика бўйича Париж-2024 Олимпия ўйинларининг рейтинг очколарини тақдим этадиган жаҳон кубоги мусобақасининг расмий тадбирларида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари, Осиё оғир атлетика федерацияси висе-президенти, мамлакатимиз оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Ш. Маҳмудов Таиландда Осиё оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Алҳарби билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида оғир атлетика спорт турининг қитъамиздаги ривожи, унинг техник-тактик, спорт тиббиёти, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда 2024-йилги мусобақалар тақвими масалалари хусусида сўз юритилди.
Осиё Оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Алҳарби оғир атлетика спорт турини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қарор нафақат Ўзбекистонда, Осиё мамлакатларида ҳам ушбу спорт турининг оммалашувига, маҳоратли спортчиларни тайёрлашга беқиёс ҳисса қўшишини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ва Осиё оғир атлетика федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолаш маросими ташкил этилди.