АҚШ маъмурияти Россия билан Стратегик Қуролларни Қисқартириш бўйича Янги Шартнома (Янги СТАРТ) ўрнини босувчи янги келишувни ишлаб чиқиш бўйича музокараларни давом эттиришни режалаштирмоқда.
Оқ уй матбуот котиби Керолин Левитт бу ҳақда брифингда маълум қилди.
"Президент Дональд Трамп бизнинг ядровий қурол бўйича мутахассисларимиз узоқ муддатли амал қиладиган янги, такомиллаштирилган ва модернизация қилинган шартнома устида ишлашларини истайди. Ва Қўшма Штатлар Россия билан айнан шуни муҳокама қилишда давом этади", деди у.
Аввалроқ Трамп АҚШ Янги СТАРТнинг айрим қоидаларини ўз кучида қолдирмаслиги, балки бу соҳадаги ҳамкорлари билан янги келишув ишлаб чиқиши кераклигини таъкидлаган эди.