Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Она сути — гўдаклар учун энг мукаммал озуқа” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бутунжаҳон она сути билан озиқлантириш ҳафталиги доирасида ўтказилган мазкур тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, ЮНИСЕФ ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари, Республика перинатал маркази раҳбарияти, журналист ҳамда блогерлар иштирок этди.Таъкидланганидек, юртимизда гўдакларни кўкрак сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чақалоқ учун таркибида юздан зиёд шифобахш микроэлементлар жамланган, иммуноглобулинга бой она сутидан ҳам кўра мукаммалроқ озуқа йўқ. Шу боис у гўдакни турли инфекциялардан ҳимоялайди, иммунитетини мустаҳкамлайди.— Она сути болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишини таъминлашда энг асосий элементлардан бири, — деди тадбирни кириш сўзи билан очган Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Баситханова. —Қолаверса, унинг оналар саломатлигини яхшилашдаги аҳамияти катта. Шу боис юртимизда 2019 йил 23 октябрда “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Унга мувофиқ, Ўзбекистонда она сути ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланган. Чунки бундай сунъий маҳсулотлар бола ўсишининг секинлашиши ва организмида микроэлементлар етишмовчилигига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, санитария-гигиена шароитлари ва тоза ичимлик суви бўлмаган жойларда она сути ўрнини босувчи аралашмалар ўғил-қизлар ҳаёти учун хавфли бўлиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилларига кўра, кейинги йилларда ер юзида гўдакларни она сути билан парваришлаш кўрсаткичлари тобора пасайиб бормоқда. Хусусан, бугунги кунда дунё бўйича олти ойгача бўлган болаларнинг атиги 44 фоизигина она сути билан озиқланмоқда. Ҳар икки янги туғилган чақалоқдан бири сунъий озуқа билан парваришланяпти.
Бироқ сўнгги йигирма йил ичида кўкрак сути ўрнини босувчи сунъий маҳсулотларни сотиш кўлами эса тахминан икки баравар кўпайган. Буни мутахассислар дунёда чақалоқлар учун мўлжалланган сунъий сут маҳсулотлари реклама ва маркетингига зўр берилаётгани ва ҳатто ёлғон тарғибот авж олаётгани билан изоҳламоқда.
Шу боис ЖССТ болаларни олти ойлик бўлгунига қадар фақат она сути билан парваришлашни, икки ёшга тўлгунича эса эмизишни тўхтатмаган ҳолда қўшимча овқатлар билан озиқлантиришни тавсия қилади.
Матбуот анжуманида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Жоффри Ижумбага ҳам сўз берилди.
— Кўкрак сути чақалоқ иммунитетини ошириш баробарида, она ва бола ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлашга хизмат қилади, — дейди хорижлик мутахассис. — Ҳозирги тадбир айни шу масала тарғиботига бағишланган. Опа-сингилларимизнинг бу борадаги хабардорлигини оширишимиз керак. Унинг самараси — бутун жамият учун манфаатли. Биз она сути билан озиқлантиришни доимий қўллаб-қувватлашга, бу борадаги сиёсат ва дастурларни янада такомиллаштиришда барча зарур ёрдамларни кўрсатишга, бир сўз билан айтганда фаол ҳамкорликка тайёрмиз.
Тадбир давомида журналист ва блогерларнинг мавзуга доир саволларига мутахассис ҳамда экспертлар томонидан батафсил жавоб берилди.