Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га иш берувчи томонидан касаллик вақтида белгиланган ойлик иш ҳақи тўланмаётгани бўйича шикоят қилинди.
Мурожаатчи фуқаро Б.М.нинг қайд этишича, у ип йигириш хусусий корхонасида ишлаб келган. У 2024 йил 13 апрель куни иш жойида жиддий жароҳат олиб, соғлиғига таъсир қилган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз, деб топилган. Унга касаллик вақтида белгиланган ойлик маошлари ва бошқа тўловлар корхона томонидан тўлаб берилмаган.
Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ушбу ҳолат Андижон вилоятидаги минтақавий вакил томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Мурожаатнинг ўрганилиши натижасида фуқаро Б.М. фойдасига корхона томонидан унинг касаллик вақтидаги 38 миллион сўм миқдоридаги ойлик маоши ва соғлиғига етказилган зарар учун компенсация пуллари тўлиқ ундириб берилди.
Бундан ташқари, мурожаатчининг 2-гуруҳ ногиронлигига ўтказилишига кўмаклашилди.
Эслатиб ўтамиз, Меҳнат кодексининг 25-моддасига мувофиқ, иш берувчи ходимларнинг ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасини ҳамда иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртасини таъминлаши зарур.
Шунингдек, ўз меҳнат мажбуриятларини бажаргани муносабати билан ходимларга етказилган моддий зарарнинг ўрнини меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда ҳамда шартларда қоплаши белгиланган.