Ижтимоий тармоқ саҳифаларида Олмазор туманидаги 191-сонли умумтаълим мактабида ота-оналардан ноқонуний пул йиғимлари амалга оширилаётганлиги тўғрисида чоп этилган хабарлар юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади.
Юқоридаги ҳолат бошқарма Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди. Унга кўра, Олмазор туманидаги 191-сонли умумтаълим мактаби маъмурияти, «Баркамол авлод» болалар мактаби ҳамда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ўртасида пуллик тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича уч томонлама шартнома тузилган. Ота-оналарнинг талаб-истакларидан келиб чиққан ҳолда мактабнинг 2-«Г» синф ўқувчилари учун «Ментал арифметика» пуллик тўгарак машғулотлари йўлга қўйилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 апрелдаги 343-сонли Қарори асосида ота-оналар мактабнинг банкдаги ҳисоб рақамига пул тўлайдилар. Жумладан, 2-«Г» синфда 30 нафар ўқувчи таълим олса, улардан 27 ўқувчи 2023 йил декабрь ойида ўтказилган машғулотларда қатнашган. Ота-оналар томонидан банк ҳисоб рақамига жами 1 620 000 сўм пул ихтиёрий равишда тўланган.
Мактабнинг қўриқлаш хизмати учун ота-оналардан пул йиғилмайди. Нафақат 191-мактаб, балки Олмазор туманидаги мавжуд бошқа мактаблар қўриқлаш хизматига ҳам ҳақ тўлаш тўлиқ туман ҳокимлиги томонидан молиялаштирилади.
Шунингдек, хабарда мактабда ҳар ҳафта циркка ёки театрга деб 50-60 минг сўмдан пул йиғилиши тўғрисидаги маълумот ҳам ўз исботини топмади.