Бугун 15 январь, 2021 йил, жума

O'ZB

Олий таълимни кескин танқид қилган сенаторнинг ўзи олий таълимга вазир бўлди

Олий таълимни кескин танқид қилган сенаторнинг ўзи олий таълимга вазир бўлди

Абдуқодир Тошқулов ким ва у қандай муаммоларни кўтарган эди? Бу ҳақда "rost24.uz" ёзмоқда.

Кеча вазирлик инкор этгани ва ахборот хизмати раҳбари Фарход Бабашев томонидан телеграмм каналлар-у ОАВни ёлғон маълумот тарқатганликда айблашига қарамай бугун сенатор, Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқуловни Олий ва ўрта махсус таълим вазири бўлгани эълон қилинди.

Тошқулов 2020 йилининг январь ойида Kun.uz сайтига интервью берганида тизимнинг қатор муаммоларини кун тартибига қўйган эди. 

Интервьюдан айрим иқтибосларни келтириб ўтамиз:

«Битирувчининг қўлида давлат муҳри қўйилган диплом бор. Аммо у рақобатбардош кадр эмас».

Бунда тест технологиялари такомиллашмагани, соҳага йиллар давомида бир томонлама ёндашув бўлиб келгани муаммоларнинг сабабларидан бири. Яъни, учта фан ва ўша фанлардан тузилган тестларнинг жавобини ёдлаган бола борки, ўқишга кирган. Бу бўйича айтилган эътирозлар, мурожаатлар эшитилмаган.

Биз бир хил тест тизимини кўп йиллар ушладик ва шу тизим билан ёшларни олий таълимга қабул қилавердик. Биз унга иншо ёздириб кўрмадик, диктант ёздирмадик, ижодий йўналиш билан ўқишга кириши керак бўлган талабалар ҳам «тинчгина» тест йўналиши билан имтиҳон қилинаверди.

Битирувчининг қўлида давлат муҳри қўйилган диплом бор, аммо у рақобатбардош кадр эмас.

Биз яхши ишлаётган кадрларни рағбатлантиряпмиз, лекин биз шунча ислоҳотлардан кейин ҳам қимирламаётган кадрларни ишдан бўшата олмаяпмиз.

Талабалар орасида кўплаб сўровлар ўтказдик (афсуски, ҳозир бу сўровларнинг ҳам юридик кучи йўқ) ва мана шу сўровларда ўқитувчиларнинг пора олиши ҳам айтилган, дарсларнинг қарийб 100 фоизи дарсларни яхши ўтмаслиги эътироф этилган. Биз ўша ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилдик, лекин судда ютқаздик, чунки амалдаги қонунчилигимиз бу тизимга тайёр эмас.

Ҳозир камида 30 фоиз ўқитувчининг олий таълим даргоҳида дарс беришга, бу даргоҳларга киришга ҳаққи йўқ.

Биз эндиликда яхши ўқитувчини рағбатлантириб, талабга жавоб беролмаётгани билан хайрлашиш масаласини кўтаряпмиз. Талабга жавоб бермайдиган ўқитувчи ўзига мос, қуйироқ жойларда ишлаб тажриба ошириши керак.

Менимча, таълим тизимидаги ўқув режалар тўлалигича қайта кўриб чиқилиши керак.

Ҳозир тўртта курс талабалари турлича ўқув режа билан ўқишади. Мана шу ўқув режаларни бир хиллаштириш керак, иккинчидан, кераксиз фанлар чиқариб ташланиши керак.

Яна бир мисол, жисмоний маданият фанидан талабанинг рейтинг дафтарчасига баҳоси қўйилади. Шу фан бизга керакми? Талаба ўзи мустақил фитнес клубга борсин, спортга қатнашсин, шароит бор-ку. Буни алоҳида фан қилиш шартми? Фан ўқитувчилари ишлайверсин, тўгарак ўтсин, бунга қарши эмасман, лекин у ҳам бир фан бўлиши керак эмас.

Яъни, дарс жадвалига дарслар шундай жойлаштириладики, бунда бир жуфтликдан кейин орада бўш вақт қолдирилади ва кейин яна бир жуфтлик фан қўйилади. Бунинг сабаби, дарсларни шундай жойлаштирсак, талаба кейинги дарсгача қочиб кетолмайди, деб ўйлашади.

Биз талабага кечаги қараш, тазйиқ билан қарашни тўхтатишимиз керак.

Яна бир муаммоли масала, университетда эркин форма масаласи. Бу муаммо қайта-қайта кўтариляпти. Бунга ҳам эркинлик бериш керак. Фақат бунда шахснинг талаба эканлиги ва миллийликни инобатга олиш керак.

Биз ҳозиргача аудиторияларимизни ўзгартиролмаяпмиз. Бизда ҳамон тўлалигича парта тизими амалда. Энди-энди биз эскича қолиплардан чиқишга ҳаракат қиляпмиз.

Биласизми, айрим талабалар биздан ўқитувчига проектор бермасликни сўрашади. Чунки, айрим ўқитувчилар замонавий дарс ўтиш деганда маъруза матнини шунчаки проекторга ўрнатиб, уни ўқиб беришни тушунади. Бизда шу жиҳатлар ҳам камчиликка тўла.

Талабаларда шунингдек, дарс сифатидан норозилик кучли. Ҳозир ҳам, кўпчилик ўқитувчилар йўқлама қилиш-у, ўзининг биографиясини таништириб бериш билан дарснинг қарийб 20 дақиқасини ўғирлашяпти.

Афсуски, бугун олий таълимдан кейинги таълимда кадрлар масаласи сон жиҳатидан ҳам, сифат жиҳатдан ҳам қониқарли эмас. Уларни етказиб берадиган муассасалар ҳам асосан Тошкентда жойлашган, бошқа ҳудудларга эса кўпда чиқарилавермайди.

Олий таълимда қамров ошган сари ҳар ўнта талабага битта ўқитувчини ишга олишимиз керак бўлади.

Лекин университетлар ўқитувчиларининг қанчасида илмий даража бор деган масала ҳам бор. Ҳозир квоталар йилига 20-25 фоиз ошяпти, табийки, ўқитувчилар сони ошяпти, аммо илмий салоҳият тушиб боряпти. Бу ҳолат ўқитувчилар илмий даража ҳимоя қилганда ҳам давом этяпти.

Тадқиқотчиларнинг Тошкентга келиб не азобларда юриши уларнинг фақат ўзига ва Худога аён.

Ҳозир ҳар бир фан бўйича фалсафа доктори илмий унвони (PHD) бериляпти. Бу тизимда ҳам қийинчиликлар кўпайтириб юборилган.

Биз бугун олий таълимни ривожлантириш учун ундан кейинги таълимни ҳам жиддий кўриб чиқишимиз керак.

“Ўзбекистонда олий таълимдан исломни суғуриб олдик“

Қашқадарёда ўтказилган Халқаро пресс клубнинг йиғилишида ҳам Абдуқодир Тошқулов танқидий фикрларни айтиб, айнан исломий таълимдаги сусткашликларни санаб ўтган:

“Биз мақбарани чиройли қилиб қўйдик, қани ал-Ҳаким ат-Термизий? Қани «Сунани Термизий»нинг кейинги томлари? Аксарият ҳолларда инсонларнинг кўр-кўрона зиёратини йўлга қўйдик. Ёзув-чизув, ғийбат, ғурбат ҳамда коррупция ҳолатлари кўп бўлган. Устоз-шогирдлар ва жамоа ўртасидаги ҳасад илмий салоҳиятнинг тушиб кетишига сабаб бўлди.

Бундай маънавий хасталикларнинг кўплигига сабаб нима? Мен битта сабаб келтираман. Биз юз йил давомида олий таълимдан Исломни суғуриб олдик. Ҳалол билан ҳаромни суғуриб олдик. Биз Гётени ўргатдик, лекин жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларидан келтиришга чўчидик. Ислом маърифатини фақат имомлар гапирсин дедик, дунёвий илм олганлар бу ҳақда гапирса уларга бошқача қарадик”, деган эди Тошқулов.

Янги тайинланган олий ва ўрта махсус таълим вазири ким?

У 1976 йил 29 августда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида таваллуд топган.

Абдуқодир Тошқулов 1998 йил Термиз давлат университети иқтисод факультетини тамомлаган. Дастлаб шу олий таълим муассасасида ўқитувчи, кафедра мудири, декан муовини бўлиб ишлаган. Вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси вазифаларида ишлаган. Иқтисод фанлари номзоди, доцент. Икки чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати. 2017 йилдан буён Термиз давлат университети ректори лавозимида ишлаб келар эди. 2018 йил сентябрь ойидан Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Абдуқодир Тошқулов АҚШ ва Россия давлатларида илмий стажировка ўтаган. Германия, Япония, Хитой, Польша сингари мамлакатларда бўлиб ўтган илмий анжуман ва симпозиумларда ўз маърузалари билан иштирок этган.

Киритилди: 11:46 14.01.2021. Ўқилди: 2805 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!