Спорт гимнастикаси бўйича 1992 йилги Олимпиада чемпиони, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Оксана Чусовитина келгуси ёзда ўз фаолиятини якунлашини маълум қилди. 44 ёшли спортчининг фаолиятидаги сўнгги мусобақа 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада бўлади.
“Бу менинг сўнгги Олимпиадам бўлади, мен катта спортни тарк этаман, фаол спортчи бўлмайман, лекин спортда қоламан. Мен Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар спортини ривожлантиришга ёрдам бераман ва қўлимдан келган барча ишни қиламан, бундан кейин ҳам спортда яшашда давом этаман", деди спортчи.
Чусовитина Токиодаги ўйинларда қатнашиш режаларини октябрь бошида маълум қилган эди. 2020 йилги Олимпиада унинг фаолиятидаги саккизинчиси бўлади. Мусобақа вақтида гимнастикачи 45 ёшда бўлади.
2016 йилда Чусовитина спорт гимнастикаси тарихида еттита Олимпиадада қатнашган ягона спортчи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. Рио-де-Жанейродаги мусобақаларда у тарихдаги энг ёши улуғ гимнастикачи бўлган эди.
Чусовитина уч карра жаҳон ва Европа чемпиони ҳисобланади. Фаолияти давомида у собиқ иттифоқ, Германия ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари сафида иштирок этган. Номдор спортчимиз 1992 йилги Олимпиадада дебют қилган ва собиқ иттифоқ давлатларининг бирлашган жамоаси сафида олтин медални қўлга киритган.