Россияда ОИВ билан касалланган беморга биринчи муваффақиятли юрак трансплантацияси операцияси Санкт-Петербургда амалга оширилди. Бу ҳақда душанба куни ОИТС ва юқумли касалликлар маркази бош шифокори Татьяна Виноградова хабар берди, деб хабар беради Xinhua.
Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунига бағишланган матбуот анжуманида у мамлакатда биринчи юрак трансплантацияси икки ой олдин ОИВ билан касалланган беморга амалга оширилганини таъкидлади. Бемор ҳозирда палатада ва операция натижалари анча муваффақиятли бўлди.
Т. Виноградованинг сўзларига кўра, ОИВ билан касалланган беморлар исталган тиббиёт муассасасида ёрдам олиш ҳуқуқига эга ва антиретровирус терапия уларга ҳаёт сифати ва давомийлигини ошириш имконини беради.
Санкт-Петербург ОИТС ва юқумли касалликлар марказининг Теlegram-канали хабар беришича, беморга 1,5 йил олдин сунъий чап қоринча ўрнатилган ва юрак етишмовчилигининг кучайиши туфайли юрак трансплантациясига муҳтож бўлган. Операция В.А. Алмазов номидаги Миллий тиббий тадқиқот марказида 12 соатдан ортиқ вақт давомида ўтказилди. Трансплантация муолажаси стандарт тарзда амалга оширилди ва муваффақиятли якунланди.
Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни 1 декабрда нишонланади. Бу сана Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 1988 йилда тасдиқланган.