Бухоро вилояти Олот туманида яшовчи 31 ёшли (аёл) Қ.М. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 202.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Навоий вилояти, Навбаҳор туманида яшовчи 21 ёшли (аёл) Р.Қ. содир этганлиги аниқланди.
Унга кўра, Р.Қ. жабрланувчи Қ.М. билан “Телеграм” мессенжеридаги “Арзон Пекин товарлар” номли гуруҳда танишиб, унга аёллар кўйлагини арзон нархда қилиб беришини, шунингдек, етказиб бериш хизмати ҳам мавжудлигини айтиб алдаб, ўзининг фойдаланувидаги банк картасига 202.000 сўм миқдоридаги пулларини олдиндан ўтказдириб олган, сўнг ёзишмаларни ўчириб юбориб, аккаунтини "қора рўйхат"га киритиб қўйган ва буюртма қилган кўйлаги ҳам етказиб берилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Р.Қ.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.