Судя Пол Энгелмаер АҚШнинг 19 штати бош прокурорлари томонидан берилган даъвони қаноатлантирди. Уларнинг кўпчилиги демократлар тарафдори ҳисобланади.
Прокурорлар Илон Маск бошчилигидаги Ҳукумат самарадорлиги департаментига (DOGE) АҚШ Молия вазирлиги тизими киришни тақиқлашни талаб қилишди. Ушбу тизим орқали фуқароларнинг триллионлаб долларлик пул ўтказмалари амалга оширилади.
Даъвогарларнинг таъкидлашича, тизимга кириш имконияти махфий маълумотларнинг ошкор бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Масалан, ижтимоий суғурта рақамлари, банк ҳисоб рақамлари, нафақа миқдори ҳамда миллионлаб америкаликларнинг бошқа шахсий маълумотлари хавф остида қолиши мумкин.