Америкалик терговчилар АҚШ федерал судларида сақланадиган ҳужжатлар тизимига яқинда қилинган хакерлик ҳужумига Россия қисман алоқадор бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи далилларни топди, деб хабар беради The New York Times бир нечта хабардор манбаларга таяниб.
Уларнинг маълум қилишича, тизимда сақланаётган ҳужжатлар орасида миллий хавфсизликка қарши жиноятларда айбланаётган шахслар ва маълумот манбалари ҳақидаги махфий ёзувлар ҳам бўлиши мумкин.
"Ҳужум учун ким жавобгар экани ҳозирча номаълум. Тергов билан таниш манбалар бу тизимга киришга қаратилган кўп йиллик уринишлар ҳақида билдиришган, тизим жиддий заифликлари билан танилган. Тизим маъмурлари яқинда ҳукуматни хакерлик ҳужуми ҳақида хабардор қилиб, энг махфий ҳужжатларни дарҳол тизимдан ўчириб ташлашни тавсия этган", дейилади Тhe New York Times мақоласида.
Ҳужум ҳақида бундан аввал Politico ҳам манбаларига таяниб ёзган эди. Нашр маълумотига кўра, киберҳужум ортида хорижий давлатлар билан боғлиқ шахслар, шунингдек, жиноий гуруҳлар бўлиши мумкин. Россия ҳукумати эса турли киберҳужумларга алоқадорлигини доимо рад этиб келади.