Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири лавозимида Эрлепесов Нуруллан Умирзакович ўз ишини бошлади.
Н.Эрлепесов номзоди ушбу лавозимга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг иккинчи сессиясида тасдиқланган эди.
Шу муносабат билан, бугун Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги биносида тайинловга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар ва инновация масалалари қўмитаси раиси Сейтназаров Бердибек сўзга чиқиб, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш ва молиявий тизимини янада такомиллаштириш йўлида олиб борилаётган ижобий ислоҳотларни халқ ҳаётида ифода этиш муҳим вазифа эканини алоҳида таъкидлаб, йиғилганларга янги вазирни таништирди.