Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампнинг Гренландия ва Канада ҳақидаги сўзларига изоҳ берар экан, сиёсатчи ҳали ўз лавозимини расман эгалламаганини эслатди. Бу ҳақда дипломат Sputnik радиосига маълум қилди.
"У президент бўлгач, ўз ваколатларини қабул қилгач, расмий мақомда АҚШ давлати ва халқи номидан гапиради, эҳтимол, ўшанда буни қандайдир тарзда баҳолаш ва таҳлил қилиш мумкин бўлади", деган Захарова.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Гренландияни АҚШга қўшиб олиш зарурлиги ҳақида ёзган эди. Бунга жавобан Гренландия бош вазири Муте Эгеде "орол сотилмайди" дея баёнот берди.
7 январ, сешанба куни Трамп яна ҳудудни сотиб олиш ҳақида гапириб, Гренландия Қўшма Штатлар таркибига кириши кераклигини, чунки у миллий хавфсизлик ва “эркин дунё”ни ҳимоя қилиш учун стратегик аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Сиёсатчи, шунингдек, Канадани АҚШга 51-штат сифатида қўшишни таклиф қилди. Унинг фикрига кўра, бу бож ва солиқларнинг сезиларли даражада камайишига олиб келади, Канаданинг ўзи "таҳдидлардан тўлиқ ҳимояланади".