Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан шу йилнинг 19 октябрь куни нукуслик ўқувчи ёшлар ўртасида ҳарбийлашган спорт мусобақаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу мусобақа ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига қаратиб Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ўтказилади.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг кубоги учун ташкил этилаётган “Ёш ватанпарварлар” ҳарбий спорт эстафетасида Нукус шаҳридаги 10 та мактабнинг юқори синф ўқувчилари иштирок этиши белгиланган. Мусобақада битта жамоадан 3 нафардан ўғил ва қиз болалар қатнашади.
Беллашув Нукус гарнизонидаги мини-полигонида бўлиб ўтади. Мусобақа шартига кўра иштирокчилар разведкачиларнинг тўсиқли йўлагидан ўтиши, БТР-80да меъёр бажариши, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиши ҳамда ўқдонни ўқ дорилар билан тўлдириши, граната улоқтириши, мерганлик маҳоратини синовдан ўтказиши, оммавий қирғин қуролларидан ҳимоя воситаларини кийиши белгиланган. Шунингдек, иштирокчи қизлар шартли ярадорга тиббий ёрдам кўрсатиши ва радиоалоқани ишга ҳозирлаши зарур.
Барча меъёрларни бажаришда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши таъминланади.
Ғолиб ва совриндор жамоалар округ қўшинлари қўмондонининг махсус совға ва кубоглари билан тақдирланади.
Шунингдек, ҳарбий спорт эстафета доирасидан ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқиши, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника намойиши ҳамда концерт дастури ўрин олган.