Норвегия дунёда биринчи бўлиб жамоат жойларида «ақлли кўзойнаклар»ни тақиқламоқчи.
Норвегия жамоат жойларида «ақлли кўзойнаклар»дан фойдаланишни вақтинча тақиқлашни режалаштирмоқда. Тақиқ парклар, пляжлар, музейлар, савдо марказлари, мактаблар, боғчалар, тиббиёт муассасалари, спорт заллари ва оммавий тадбирларга тааллуқли бўлиши мумкин.
Норвегия ҳукумати бу ташаббусни шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳламоқда. Рақамлаштириш ва давлат бошқаруви вазири Торгейр Микаэльсеннинг айтишича, одамлар одатда кузатув остида эмаслигини ҳис қиладиган жойларда яширинча суратга ёки видеога олинаётганидан хавотир олмаслиги керак.
Қонун лойиҳасини ҳукуматни бошқараётган Ишчилар партияси илгари сурган. Уни имкон қадар тезроқ парламентга киритиш режалаштирилмоқда, бироқ қабул қилиниши учун бошқа сиёсий кучларнинг ҳам қўллаб-қувватлаши талаб этилади.
Ташаббус Европада, айниқса Meta Platforms томонидан ишлаб чиқарилаётган камерали «ақлли кўзойнаклар» туфайли хавотирлар кучайган бир пайтда илгари сурилмоқда.
Францияда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи e-Enfance ташкилоти аёлларнинг розилигисиз яширинча тасвирга олиш билан боғлиқ 20 га яқин ҳолат ҳақида хабар олган. Айрим видеолар кейинчалик ижтимоий тармоқларга тарқалган. Париж прокуратураси ушбу ҳолатлар юзасидан тергов олиб бормоқда.