Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Ноҳақ айбланган собиқ ИИБ бошлиғи ўн икки йилдан сўнг оқланди

Ноҳақ айбланган собиқ ИИБ бошлиғи ўн икки йилдан сўнг оқланди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан судлар олдига адолатни қарор топтириш, ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариш вазифаси қўйилгани бежиз эмас. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши керак.

Олтиариқ туманида яшовчи, муқаддам ноҳақ айбланган Акрамжон Ботиров ҳам давлатимиз раҳбарининг ана шу эзгу ташаббуси туфайли оқ­ланиб, юзи ёруғ бўлди.

Гап шундаки, А. Ботиров 2004 йил 24 майдан Марғилон шаҳар ИИБ бошлиғи, 2006 йил 11 декабрдан 2007 йил 27 декабргача Фарғона шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимида фао­лият­ юритган. Ўша пайтда унга нисбатан бир қатор ноҳақ айбловлар эълон қи­линган.

Хусусан, А. Ботиров Мар­ғи­лон шаҳар ИИБ бошлиғи вазифасида ишлаган пайтда — 2005 йил 19 март куни фуқаролар И. Мадаминов ва Ж. Аҳмадалиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўртасида юз берган жанжални тинчитиб, рўйхатга қўйдирмаслик эвазига таниши Нўъ­мон Зиёев ор­қали М. Ариповдан 300 АҚШ доллари миқдорида пора олганликда айбланган.

Шунингдек, А. Ботиров 2005 йил 25 декабрь куни ша­ҳар­даги «Дилпазир» қаҳва­хо­­­на­си­­­да содир этилган ўғирлик бў­йича мурожаат қилган М. Алимовнинг аризасини рўй­хат­га олдирмасдан унинг қо­нун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказган, деб топилган.

Бундан ташқари А. Ботиров 2006 йил 25 август куни Фарғона шаҳридаги «777» меҳмонхонаси олдида фуқаролар М. Арипов ва Д. Тўхтасинов ўртасида бўлиб ўтган жанжални Фарғона шаҳар ИИБда иш­­ловчи танишлари орқали рўйхатга қўйдирмаслик эвазига яна Н. Зиёев орқали М. Ариповдан 1 000 долларни пора тариқасида олган эмиш.

Қолаверса, Акрамжон Ботировга Фарғона шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган даврига оид айбловлар ҳам қўйилган. Жумладан, бошқарма бошлиғи гўёки 2007 йил 25 октябрь куни «Ички ишлар ор­ганлари ходимлари куни» муносабати билан фуқаро Б. Умаров орқали тадбиркор Ш. Исмоиловдан 500 долларни байрам пули тариқасида олиб, мул­кий наф кўрган экан.

Оқибатда А. Ботировга нисбатан Жиноят кодексининг турли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Шу боис, у жиноят ишлари бўйича Фар­ғона ви­лоят­ судининг 2008 йил 11 апрелдаги ҳукмига мувофиқ Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «в» банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми «в» банди, 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида жазоларни қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 3 йил ички ишлар идораларида ишлаш ҳуқуқи­дан маҳрум қилинган ҳолда 10 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Олий Мажлис Сенатининг 2007 йил 30 ноябрдаги «Ўз­бекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинганлигининг ўн беш йиллиги муносабати билан ам­нис­тия тўғ­рисида»ги қарорига биноан, тайинланган жазо тўртдан бир қисмига қисқартирилган. Суднинг 2008 йил 20 майдаги апелляция ажримига мувофиқ эса, ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.

Албатта, тилга олинган тафсилотлар айблов хулосаси ва суд ҳукмида аксини топган ҳо­лат. Бироқ орадан йиллар ўт­са-да, А. Ботиров ўзига қўйилган айбловга барибир тоқат қилолмади. Натижада ноҳақ судланганини маълум қилиб, ҳимоячиси Бурҳонжон Мамажонов билан бирга Олий судга мурожаат этди.

Жиноят ишидаги ҳар бир ҳо­лат Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъа­ти томонидан ўрганиб чиқилганда эса, собиқ подполковникни айблашда Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Олий суд Пленумининг тегишли қарори талаблари бузилгани ўз тасдиғини топди.

Шунинг учун жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2008 йил 20 майдаги апелляция ажрими бекор қи­линиб, иш янгидан кўриш учун шу инстанцияга юборилди.

Апелляция суди жараёнида фуқаро М. Арипов 2005 йил 19 март куни юз берган жанжалда иштирок этмагани, ўша ку­ни А. Ботиров билан ҳам учрашмагани, тергов ҳибсхонасида жисмоний тазйиқлар остида унга қар­ши ариза ва кўр­сат­малар ёздириб олишганини билдирди.

Шунингдек, Нўъмонжон Зиё­ев­ ҳам М. Ариповнинг сўзларини тасдиқлаб, тергов ҳибсхонасида жисмоний тазйиқлар остида Акрамжон Ботировга қарши кўрсатмалар ёзиб берганини маълум қилди.

Гувоҳ И. Мадаминов эса, 2005 йил 19 март куни таниши Ж. Аҳ­­мадалиев билан жанжаллашиб қолгани, аммо бирон-бир жароҳат олмаганлиги сабабли ИИБга ариза билан мурожаат қилмаганлигини тасдиқлади.

Бу борада яна шунга эътибор қаратиш керакки, М. Арипов тергов ва биринчи бос­қич суди жараёнида турлича кўр­сатмалар берган. Лекин суд томонидан унинг қай бир кўрсатмаси ишонч­га сазоворлиги текширилиб, асослантирилмаган. Бундай ҳо­латда эса, шахсни жиноят содир этганликда айблаб бўлмайди.

А. Ботировнинг тадбиркор Ш. Исмоиловдан 500 доллар олганлиги борасида фуқаро Б. Умаров тергов ва судда турли хил кўрсатмалар берган. Хусусан, Б. Умаров байрам пули тариқасида 500 доллар бермоқчи бўлганида А. Ботиров пулни олмай, ўзини койиб бер­ганини билдирган. Аммо суд Ш. Исмои­лов ва Б. Умаровнинг кўрсатмалари ўртасидаги қа­рама-қаршиликни уларни юзлаштириш орқали бартараф этмаган.

Таажжубланарли томони шундаки, ўша пайтда биринчи бос­­қич­ суди Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддаси (ҳақиқатни аниқлаш) даги «Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шу­нинг­дек, у билан боғлиқ барча ҳо­лат­ларни аниқлаши шарт. Иш бў­йича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қи­ладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳи­собга олиниши лозим» деган талабларга риоя этмаган.

Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси (айбсизлик презумпцияси) да гумон қи­линувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қо­нун­да назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши белгиланган. Гумон қи­ли­нувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас.

Айбдорликка оид барча шуб­ҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қи­линувчи, айб­ланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўл­ланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Ана шу асосларга таянган апелляция инстанцияси ўзининг 2020 йил 11 сентябрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2008 йил 11 апрелдаги ҳукмини бекор қи­либ, А. Ботировни айбсиз деб топди ва оқлади.

— Отам хиз­мат кўрсатган ўқитувчи ва халқ таълими аъ­лочиси эди. Шу боис, биз фарзандларини ҳам ҳалолликка ундаган ҳолда тарбия­лаган. Мен ана шундай покдомон инсоннинг фарзанди бўла туриб, порахўр­лик ёки тамагирликка қўл уришни тасаввур қилолмасдим. Орадан ўн икки йил ўтиб, суд адолатни юзага чиқарди, — дея ўз мамнунлигини изҳор қил­ди Акрамжон ака биз билан суҳбатда.

Хуллас, шу тариқа собиқ подполковникнинг қариндош-уруғ, қўни-қўшни, қуда-анда, та­­ниш-билиш ва ҳамкасблари олдида юзи ёруғ бўлди.

Зеро, Президентимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг самараси шу эмасми?!

Киритилди: 11:42 25.11.2020. Ўқилди: 4168 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!