Бугун 19 август, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Нима учун Тошкентда иссиқлик тарифи қайта кўриб чиқилиши зарур?

Нима учун Тошкентда иссиқлик тарифи қайта кўриб чиқилиши зарур?

"Veolia Energy Tashkent" Тошкентда иссиқлик тарифлари оширилиши сабаблари ва бажарилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг йиғилишида 1 августдан вазифасига киришган "Veolia Energy Ташкент" бош директори Севара Пардаева иссиқлик энергияси тарифларини ошириш режалари бўйича маълумотни муҳокама ва тасдиқлаш учун тақдим этди.

Тақдимот брифинг форматида, келиб тушган саволларга жавоблар билан ўтди. Асосийси — тарифларнинг ошиши сабаблари — объектив хусусиятга эга бўлди.

2025 йил 1 майдан газ ва электр энергияси тарифлари оширилди, 2025 йил 15 июндан сотиб олинадиган иссиқлик нархи кўтарилди.

Иссиқлик таъминоти компанияси учун тарифни қайта кўриб чиқиш – аслида иссиқлик ишлаб чиқарувчидан якуний истеъмолчига иссиқлик етказувчи дистрибютор сифатида – табиийдир. Энергия ташувчилар нархининг ўсиши қуйидагича бўлди:

  • газ – 20%; .
  • электр энергияси – 11%;
  • сотиб олинадиган иссиқлик – 13%.
Шу билан бирга, иссиқлик таъминоти тарифи атиги 7,1% га оширилмоқда – 1 Гкал учун 664 465 сўмдан 711 641 сўмгача. Аҳоли учун тариф 15% га ошади – 1 Гкал учун 121 617 сўмдан 139 860 сўмгача ва бу ишлаб чиқариш таннархидан анча паст.

Ҳозирги пайтда иссиқлик таъминоти хизмати давлат томонидан субсидияланади. Амалдаги тариф бўйича 18% истеъмолчилар томонидан тўланади ва 82% давлат субсидиялари ҳисобидан қопланади. Ҳозирда бу йўналиш маҳаллий бюджетнинг энг катта субсидияланадиган йўналишларидан биридир. 2025 йил октябрь ойида тариф оширилгач, нисбат қуйидагича бўлади: аҳоли умумий тарифнинг 19,7% ини тўлайди, давлат субсидиялари эса умумий тарифнинг 80,3% ини қоплайди.

Давлат стратегияси 2030 йилгача иссиқлик таъминотини 100% субсидиялашни тўхтатишга қаратилган. Ушбу стратегия 2021 йилда Веолиа Гроуп компанияси билан имзоланган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув асосига қўйилган. Тасдиқланган молиявий моделга кўра, аҳоли учун тарифларни қайта кўриб чиқиш ҳар йили 30% миқдорида амалга оширилиши керак эди, бироқ турли ижтимоий сабабларга кўра бу жараён кечикиб бормоқда. Фақатгина 2024 йилда иссиқлик таъминоти тарифи йил давомида икки марта 15% дан қайта кўриб чиқилди. Шу билан бирга, компания учун тариф ўзгаришсиз қолиб, оптималлаштириш жараёнлари ҳисобига 2 йил давомида хизмат нархини оширмасдан ушлаб қолишга муваффақ бўлинди.

Бюджет ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар учун тариф

Давлат субсидияларини босқичма-босқич қисқартириш Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 январдаги № 03/1-3480-сонли топшириғига мувофиқ амалга оширилади. Бу – бюджет юкини камайтириш ва харажатларни истеъмолчи тоифалари ўртасида адолатли тақсимлаш сиёсатининг бир қисмидир.

Бюджет муассасалари учун тарифнинг +18,8% га ошиши (801 963 сўмдан 952 797 сўм/Гкал гача) энергия ресурслари нархининг ошиши ҳамда имтиёзларнинг қисқариши билан боғлиқ. Бу ҳолда юридик истеъмолчиларга қўшимча молиявий юк тушмаслиги учун бюджет муассасалари тарифи шу даражада белгиланган. Бундай ёндашув иссиқлик таъминоти тизимида мувозанатни сақлашга: бизнес харажатларининг кескин ўсишига йўл қўймасликка ёрдам беради.
Юридик шахслар учун тариф илгари ишлаб чиқариш таннархидан анча паст эди – 244 497 сўм/Гкал. Уни +40% га (342 296 сўм/Гкал гача) ошириш — бошқа тоифалар билан нархларни босқичма-босқич тенглаштириш ва кросс-субсидиялашни камайтиришга қадамдир. Кросс-субсидиялашда бир истеъмолчилар гуруҳи бошқа гуруҳ харажатларининг бир қисмини қоплайди.

Келгусида бюджет ташкилотлари ва юридик шахслар учун тарифлар босқичма-босқич тенглаштирилиб, ягона ўртача даражага яқинлашади. Бу иссиқлик энергияси тўловида истеъмолчи тоифалари ўртасидаги номутаносибликни камайтиради, шаҳар бюджети юкламаларини енгиллаштиради ва харажатларнинг адолатли тақсимланишини таъминлайди.

Компания нега бошқа коммунал ташкилотларга қараганда тарифни камроқ оширмоқда?

Биринчи ва энг муҳим омил – иссиқлик йўқотишларни камайтириш. 2022 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда иссиқлик йўқотишлар 44,3% даражадан 33,4% гача камайтирилди. Ушбу камайишнинг 97% қуйидагилар ҳисобига таъминланди: қозонларни капитал таъмирлаш, иссиқлик изоляциясини алмаштириш, жорий таъмирлаш ишлари, авария шикастларини бартараф этиш (22%), эскирган қувурларни алмаштириш (70%) ва насос станцияларини капитал таъмирлаш (5%). Шунингдек, компания бошқа ишлаб чиқариш ва маъмурий харажатларни қоплаш учун маблағлардан оқилона фойдаланади, ички бюджетларга чекловлар жорий этади ва оптималлаштириш жараёнларини амалга оширади.

Нега шаҳарда кўп қазиш ва узоқ давом этган таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда?

Бугунги кунда иссиқлик тармоқларининг тахминан 68% модернизацияни талаб қилади ва компания уларни янгилаш бўйича комплекс дастур амалга оширмоқда. Солиштириш учун: 2021 йилда бу кўрсаткич 71,8% эди ва Веолиа келишидан олдин эскириш фоизи фақат ошиб борган. Компания келгач, модернизацияни талаб қиладиган тармоқлар улуши камайишни бошлади.

Бироқ, иссиқлик тармоқларининг учдан икки қисми ҳали ҳам алмаштирилиши кераклигини, шунингдек, табиий эскириш туфайли ҳар йили бу ҳажм ортиб бораётганини ҳисобга олсак, эришилган натижани муҳим ва сезиларли қадам сифатида баҳолаш мумкин.

2022 йил июлидан 2025 йилгача "Veolia Energy Ташкент" иссиқлик таъминоти объектларини модернизация ва таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб бормоқда:

Қувурларни алмаштириш. 2022 йилда 39,4 км қувур алмаштирилди. 2023 йилда — 66 км. 2024 йилда — 82 км. 2025 йилда 73,5 км қувурни алмаштириш режалаштирилган. Умумий ҳажм — 187,4 км.

Қувурлар иссиқлик изоляциясини янгилаш. 2022 йилда 11,4 км изоляция тикланди. 2023 йилда режа 19 км бўлиб, амалда 31,7 км бажарилди. 2024 йилда режа 34 км бўлиб, амалда 47 км янгиланди. 2025 йилда 21,5 км режалаштирилган. Умумий ҳажм — 90,1 км.

Маҳаллий қозонхоналарда қозонларни капитал таъмирлаш. 2022 йилда 3 та қозон таъмирланди. 2023 йилда — 27 та, 2024 йилда — 29 та. 2025 йилда 23 та қозон таъмирлаш режалаштирилган. Умумий ҳажм — 59 та қозон.

Насос станцияларини капитал таъмирлаш. 2022 йилда 1 та станция таъмирланди. 2023 йилда — 6 та, 2024 йилда — 12 та. 2025 йилда 13 та станция таъмирланади. Умумий ҳажм — 19 та насос станцияси.

2022–2024 йилларда компания режа асосида олиб борган ишлар туфайли 225 млн м³ газ, 49,6 млн кВт·соат электр энергияси, 29,3 млн м³ иссиқ сув тежаб қолинди.

2025–2026 йилларга режалари: 474,13 км эскирган участкаларни жорий таъмирлаш ва алмаштириш. Авария ҳолатларига тезкор жавоб бериш учун кеча-кундуз ишлайдиган диспетчерлик хизмати фаолият юритади. Шунингдек, 73,5 км иссиқлик тармоқларини капитал таъмирлаш, 21,34 км иссиқлик изоляциясини тиклаш, 23 та маҳаллий қозонхонани ва 13 та насос станциясини модернизация қилиш, 669 та зулфин ва 345 та компенсаторни алмаштириш режалаштирилган.

Юқорида санаб ўтилган барча ишлар иссиқлик таъминоти сифатини яхшилаш ва самарадорлигини оширишга қаратилган. Аммо, иссиқлик таъминоти тизими катта капитал сармояларни талаб қиладиган ҳолатда бўлиб, улар қисқа муддатда амалга оширилиши мумкин эмас ва яқин 10 йилга мўлжалланган модернизация дастурларида белгиланган. Бу эса йилдан йилга ортиб бораётган авария ҳолатларини бартараф этишга тайёр туриш юкини оширади. Шу сабабли компания ўз бюджет ва режаларида аварияларни бартараф этиш бўйича ҳаракатчанликни ошириш, пудрат ташкилотлари билан ишлашни яхшилашни, уларнинг ишларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилишни кўзда тутади.

Нега шаҳарни маҳаллий қозонхоналарга ўтказиб бўлмайди?

Маҳаллий қозонхоналар масаласи газдан самарали ва тежамкор фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ. Аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда маҳаллий қозонхоналар самарали эмас, бироқ шаҳарнинг айрим туманларида ҳозирги йирик қозонхоналар ўз қувватининг ярмида ишламоқда, бу эса самарасиздир. Бундай ҳудудларда шаҳарнинг аниқ қисмлари учун самаралироқ ва тежамкорроқ бўлган бир нечта маҳаллий қозонхоналарга ўтиш режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, 9 та йирик иссиқлик марказлари иссиқлик ишлаб чиқарувчи «Тошкент иссиқлик маркази» МЧЖ га, битта марказ эса «Тошкент иссиқлик электр станцияси» АЖ га тегишлидир. Веолиа Энергй Ташкент компанияси 90% иссиқлик энергиясини (иссиқ сув таъминотини) ушбу иссиқлик ишлаб чиқарувчилардан сотиб олади ва пойтахт аҳолисига иссиқ сувни етказиб беради. Компаниянинг тасарруфидаги қозонхоналар умумий ҳажмни 10% ни таъминлайди холос.

Киритилди: 16:47 18.08.2025. Ўқилди: 553 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!