ФИРИБГАРНИНГ ЎҚДАН АСРОВЧИ ТУМОРИ
Айни кунларда Нигерияда жодугар ва афсунгарлар бандитлар ҳисобига яшамоқда, бойиб кетмоқда. Аммо фирибнинг барибир бир кунмас бир кун миси чиқади.
Масалан, илгари хабар берганимиздек, 26 ёшли фирибгар жодугар душман ўқидан асровчи тумор ясаб уни бандитларга сотмоқчи бўлганди. Аммо…

Хуллас, Нигериянинг Майдугури шаҳрида яшовчи 26 ёшли жодугар Буба Салики дунёда фаолияти тақиқланган «Боко харам» террор гуруҳига қарши кураш олиб бораётган аскарларга ўзининг ўша душман ўқидан асровчи туморини кўз-кўз қилиб, сотиб олишга чақирганди. Аскарлар ҳадеганда сотиб олавермагач, туморни бўйнига осди-да, улардан туморни мўлжаллаб ўқ узишни сўради.
— Бу тумор ҳар қандай душман ўқини орқага итқитиб ташлайди, — деди жодугар. — Тумор сизни душмандан ҳимоя қилади. Шу тумор шарофати билан ўзингиз ўлдиришни хоҳлаган душманни биринчи бўлиб кўрасиз. Хавф яқинлашдими, тумор ўз-ўзидан титрай бошлайди…
Айтишларича, Буба жодугарликни бобосидан ўрганган. Орадан 20 йил ўтгач, илкис бойиб кета бошлабди. Ҳар бир туморини 150 дан 200 минг найрагача пулларкан. Урушлар сокин тортган пайтлари у малярия, тиф ва кўз хасталикларига қарши дори тайёрлаб сотаркан. Ачинарлиси, ҳалигача у тайёрлаган доридан бемор тузалиб кетмаган. Аксинча, ўлими тезлашгани қолган.
Яна шуниси ажабланарлики, Нигериянинг аксар аҳолиси жоду кучига қаттиқ ишонади. Ҳатто, кўзга кўринган сиёсатчилар мухолифатчилар хавфидан асровчи туморлар, тутатқиларга буюртма беришади. Тижоратчилар мижоз чақирувчи турли тумор ва тутатқиларни сотиб олишади.
Жодугарлар тумордан тортиб кукунгача тайёрлаб сотишади. Бирови гўё пул чақирадиган тумор ясаб бойваччаларга пулласа, бошқаси одамни кўринмас ҳолатга келтирувчи нарсалар ясаб, ўғриларнинг пулини тортиб олади.
Энди Бубага қайтсак. Бу гал унга омад кулиб боқмади. Чунки аскарлардан бири унинг чақириғига жавобан худди ўша туморни мўлжалга олиб бир неча маротаба ўқ узди. Бахтга қарши, жодугарнинг ўқдан асровчи тумори ҳатто унинг ўзини ҳам асраб қола олмади. Жодугар ва фирибгар худонинг ғазабига учраб, ўша жойда ҳалок бўлди.
БАКАССИ БАНДИТЛАРИ
Бундан 20 йилча олдин Нигериянинг жануби-ғарбидаги Бакасси шаҳрида «Бакасси бандитлари» деб аталган жиноий гуруҳ пайдо бўлди. Лекин гуруҳнинг жиноий йўли буткул бошқача эди. Бошқа бандитларга ўхшаб бу гуруҳ аъзолари одамларни тунамасди, куч ишлатиш, қўрқитиш йўли билан бировдан пул ундирмасди, наркотик олди-сотдиси билан шуғулланмасди. Гуруҳдагилар шаҳардаги жиноятчиларга қарши кураш олиб борарди.

Маҳаллий аҳоли шаҳарни деярли эгаллаб олган жиноятчилардан шу қадар безгандики, «Бакасси бандитлари»га бажонидил ҳақ тўлаб, жиноятчилардан халос этишларини сўрарди. Чунки жиноятчиларни полиция ҳам безовта қилмас, ҳойнаҳой, уларнинг ҳам жиноятчилар топадиган ҳаром пулда улуши бор эди. Ана энди қилажак иши учун тузуккина пул олган бандитлар ўша жиноятчиларнинг изига тушарди. Ўғриларни тутишса, худди қадимда бўлгани каби қўлини кесишар, қотилларни марказий майдонга олиб чиқиб қатл этишарди. Қатл учун суднинг ҳам, прокуратуранинг ҳам ҳожати йўқ эди.
«Бакасси бандитлари» ҳам жодуга қаттиқ ишонарди. Ҳар доим жодугарларнинг гўё душман ўқидан, назаридан асровчи туморини бўйниларига осиб юришар, жиноятчиларни тутишганда, олдиндан сотиб олинган, гўё ҳар қандай одамни ҳақ гапни айтишга мажбур этувчи туморни уларнинг бўйнига осиб қўйишарди.
ЖАНГОВАР ЖОДУ
«Боко харам» жангариларига қарши кураш олиб борувчи аскарлар ҳақиқатан Буба Саликини қадрлашарди. Улар америкалик журналист аёлга берган интервьюларида Салики тайёрлаб берган туморлар, тутатқилар, суюқликлар жуда катта фойда беришини бошни баланд кўтарган ҳолда айтишарди. Эмишки, бир куни бўйниларига тумор осиб, киссаларига жодуланган кукун солиб машинада кетишаётганда, жангарилар машинани ўққа тутган. Машина ойналари пачоқланган, аммо аскарлар тирик қолган, буларнинг барчаси жодугар Саликининг шарофати биланмиш.
2013 йили «Боко харам» жангариларининг ўзи ҳам Салики жодуси билан қизиқиб қолишган. Жангарилар нақд 10 миллион найра пул бериб, ҳаммалари учун Саликидан тумор, тутатқи, кукунлар сотиб олишган. Орадан кўп ўтмай, жангарилар жойлашган лагерга мамлакат ҳарбийлари ҳужум қилди. Жангариларнинг ҳаммаси қириб ташланди. Мамлакат ҳарбийлари мурдаларни оралаб юриб, уларнинг ёнидан ўша жодуланган туморлар, тутатқиларни топишди.