Бразилиялик ҳужумчи Неймарнинг "Сантос" билан янги шартномаси бўйича маоши 7,5 млн еврони ташкил этади. Бу ҳақда UOL Esporte нашри хабар бермоқда. Эслатиб ўтамиз, 24 июнь, сешанба куни Бразилия жамоаси матбуот хизмати 33 ёшли ҳужумчи билан янги шартнома имзоланганини эълон қилди.
Неймарнинг "Сантос" билан тузган янги меҳнат шартномаси муддати жорий йилнинг охиригача мўлжалланган бўлиб, уни узайтириш имконияти мавжуд. Аввалги шартнома 2025 йил 30 июнгача тузилган эди. Бунга футболчининг Европада ўзини яна бир бор синаб кўриш истаги сабаб бўлгани айтилганди.
Манбага кўра, янги шартномага қатъий белгиланган маошдан ташқари, келишувнинг аввалги версиясига кирмаган имиж ҳуқуқлари учун бонуслар ҳам киритилади. Неймар 2025 йилнинг январида "Ал-Ҳилол"дан "Сантос"га қайтди. Ўшандан бери у 12 та ўйинда майдонга тушиб, учта гол урди ва шерикларига учта голли узатмани амалга оширди.