Неймар «Ал-Ҳилол» клуби билан шартномани муддатидан аввал бекор қилишни хоҳламоқда, аммо клубдан 65 миллион доллар олишни ҳам талаб қилмоқда.
Globo хабар қилишича, Неймар «Сантос» клубига ижара асосида эмас, тўлиқ равишда ўтишни хоҳламоқда ва шу муносабат билан Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клуби билан шартномасини бекор қилишни мақсад қилган.
Бироқ, бразилиялик футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси ярим йилдан кейин тугайди — айнан шу муддатга уни «Сантос»га ижарага бериш режалаштирилган эди. Лекин, агар шартнома муддатидан аввал бекор қилинса ҳам, Неймар шу давр учун белгиланган маоши — 65 миллион долларни олишни талаб қилмоқда.
Хабарларга кўра, шартнома муддатидан аввал бекор қилинганда ушбу 65 миллион доллар бир неча ойга бўлиб тўланиши мумкин. «Сантос» вазиятни кузатмоқда ва Неймарнинг шу ой охиригача Бразилияга қайтишини кутмоқда.