Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Эрон ўз ядровий дастурини қайта тиклаш бўйича ҳаракатларни амалга ошираётганини маълум қилди. Шунингдек, у мамлакат хавфсизлигига таҳдидларга қарши туриш учун миллий бирлик ҳукуматини шакллантиришга чақирди.
Исроил ҳукумати раҳбари бу ҳақда мамлакат Мудофаа армияси Бош штаби собиқ бошлиғи Гади Айзенкот билан учрашув якунлари бўйича X ижтимоий тармоғида ёзган.
Нетаньяхунинг сўзларига кўра, Теҳрон ядровий дастурини қайта тиклаш бўйича яна ҳаракатларни бошлаган.
Бош вазир уранни бойитиш ишлари қайта тикланиши ва ядровий қурол ишлаб чиқариш жадаллаштирилиши ҳолатида Эрон ушбу қуролни Исроилга қарши қўллаши мумкинлигидан хавотир билдирган.
«Биз бунга йўл қўймаслик учун барча имкониятларни ишга солишимиз керак. Буни аввал ҳам “Ам Келави” ва “Шаагат Хаари” операциялари давомида амалга оширганмиз ва мамлакатни бевосита йўқ қилиниш хавфидан сақлаб қолганмиз. Биз ушбу ҳаётий муҳим таҳдидни бир марта ва бутунлай бартараф этишимиз керак», — деди у.
Нетаньяху Айзенкот билан учрашув унинг Исроилни яҳудий халқи давлати сифатида сақлаб қолишни қўллаб-қувватловчи сиёсий кучлар иштирокида миллий бирлик ҳукуматини тузиш зарурлигига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаганини таъкидлади.
Унинг фикрича, бундай ҳукумат хавфсизлик соҳасидаги мураккаб вазифаларни самарали ҳал этиш ва миллий ярашувга эришишга хизмат қилиши мумкин.
Ҳукумат раҳбари Айзенкотни мавжуд келишмовчиликларни бир четга суриб, ҳеч қандай дастлабки шартларсиз кенг қамровли сиёсий коалиция тузиш бўйича музокараларни бошлашга чақирди.
Шунингдек, у миллий хавфсизлик ва мамлакат келажаги билан боғлиқ масалалар, жумладан, ҳарбий хизматга мажбурий чақирув муаммоси бўйича келишувларга эришиш зарурлигини таъкидлади. Нетаньяхунинг фикрича, бу масалани ўта ортодоксал яҳудийлар жамоаси вакиллари билан ҳамкорликда ҳал қилиш мумкин.