Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу давом этаётган суд жараёни муносабати билан Президент Ицхак Герцогга расмий равишда афв сўраш тўғрисида мурожаат юборди. Бу ҳақда мамлакат президенти офиси хабар берди.
Адлия вазирлигининг Афв этиш бўлими вазирликнинг барча тегишли бўлинмалари фикрларини йиғиб, уларни юридик маслаҳатчига юборди.
🗣 «Суд жараёнининг ўтиши ва ўз айбсизлигимни тўлиқ оқланганимча исботлашни хоҳлашимга қарамай, мен жамоат манфаатлари бошқа йўлни талаб қилаётганини ҳисоблайман», — деди Нетаньяҳу Yedioth Ahronoth газтаси келтирган мактубида.
Унинг айтишича, «суд жараёнини тўхтатиш унинг атрофида авж олган бахслар кескинлигини камайтиришга ёрдам беради».
💡 Исроил президенти суд томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этиш ҳуқуқига эга, жуда кам ҳолларда — суд жараёни якунланмасидан аввал ҳам. Аммо бу фақат жамоат манфаатларига мос келиши тасдиқланган тақдиридагина мумкин.
Нетаньяҳунинг коррупция бўйича иши 2016-йил декабрда бошланган, 2019-йилда унга бир нечта коррупция ишлари бўйича расмий айблов қўйилган, бироқ Исроил бош вазири бу айбловларни рад этади.
Исроил бош вазири, хусусан, миллиардер ва Голливуд продюсеридан ўз шахсий ва бизнес манфаатлари йўлида ёрдам эвазига ўн минглаб долларлик сигара ва шампан кўринишидаги совғалар олганликда айбланган. Шунингдек, у оммавий ахборот воситалари магнатларига ўз фаолияти ва оиласининг фаолиятини ижобий ёритиш эвазига ёрдам берганликда гумон қилинади.
Нетаньяҳу мамлакат тарихида амалдаги ҳукумат раҳбари сифатида жиноий иш бўйича судга тортилган биринчи шахсдир.
Исроил бош вазири, шунингдек, ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларда ҳам айбланмоқда. 2024-йил ноябр ойида Халқаро жиноий суд унинг ҳамда собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантнинг Ғазада содир этилган геноцид бўйича ҳибсга олиниши учун ордер чиқарган. Ғазада 2023-йил октябрдан буён 70 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.