Бугун 13 март, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Навальний адвокатлари озодликдан маҳрум этилди

Навальний адвокатлари озодликдан маҳрум этилди

Алексей Навалнийнинг ҳимоячилари 3,5 йилдан 5,5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Владимир вилоятининг Петушинский суди марҳум мухолифатчи Алексей Навалнийнинг уч нафар собиқ адвокати - Вадим Кобзев, Алексей Липсер ва Игор Сергунинни "экстремистик уюшма"да иштирок этгани учун уч ярим йилдан беш ярим йилгача озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этди (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 282.1-моддаси 2-қисми), деб хабар берди "Медиазона" 17 январь, жума куни.

Вадим Кобзев 5,5 йил, Алексей Липсер беш йил ва Игор Сергунин уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Суд жараёни ёпиқ тарзда ўтказилди, Владимир вилояти Петушинский туман судидаги музокаралар 24 декабрда якунланди. 10 январь куни адвокатлар сўнгги сўз билан чиқишди.

Навалний адвокатлари иши


Кобзев, Липсер ва Сергунин 2023 йил октябрда Москвада ҳибсга олинган - ўшандан бери улар тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Тергов версиясига кўра, Навалнийнинг адвокатлари "ўз мақомларидан фойдаланиб," сиёсатчининг колониядан мактубларини унинг ҳамкорларига етказишган. Шу орқали улар "экстремистик уюшма раҳбарлари ва аъзолари ўртасида мунтазам ахборот алмашинувини таъминлаганлар." Россия ҳокимияти 2021 йил июнда Навалний тузилмаларини, шу жумладан у асос солган Коррупцияга қарши курашиш жамғармасини ҳам шундай уюшма деб эълон қилган эди.

"Экстремистик уюшма"да иштирок этиш иши бўйича Навалнийнинг яна икки адвокати - Олга Михайлова ва Александр Федулов ҳам айбланмоқда. Улар илгари Россиядан чиқиб кетганлиги сабабли сиртдан қамоққа олинган. Беш нафар адвокатнинг барчаси Росфинмониторингнинг экстремистлар ва террористлар рўйхатига киритилган.

Киритилди: 22:54 17.01.2025. Ўқилди: 1116 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!