Тўлиқ миқёсли босқин бошланганидан бери Россиянинг учувчисиз учоқларининг энг ёмон ҳужумидан сўнг, НАТО Бош котиби Марк Рютте Ғарб давлатларини Киевга зудлик билан ҳарбий ёрдамни оширишга чақирди.
«Бизнинг ёрдамимиз туфайли Украина курашни давом эттирмоқда. Аммо биз бу можаронинг боришини ўзгартириш учун олдинга боришимиз керак», — деди Рютте Афинада Греция бош вазири Кириакос Митсотакис билан учрашувда.
НАТО раҳбарининг сўзларига кўра, Ғарб қўшимча ҳаво мудофаасини таъминлаши ва НАТОнинг Вашингтондаги сўнгги саммитида Украина расмийларига берган ваъдаларини бажариши керак. Улар, хусусан, 2024 йил охиригача умумий қиймати 40 миллиард еврога тенг ҳарбий ёрдам кўрсатишни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, Россия расмийлари фронт чизиғи бўйлаб ҳарбий амалиётларни музлатиш эҳтимолини рад этади. Шундай қилиб, Россия ташқи разведкаси раҳбари Сергей Наришкин Россияга инқирознинг асосий сабабларини бартараф этадиган «бардошли ва узоқ муддатли тинчлик» кераклигини айтди. Унга кўра, жанг майдонидаги ташаббус ҳозир Россияга тегишли.