Шимолий Атлантика алянси Россия томонидан ҳарбий кескинлик юзага келган тақдирда Эстония ва Латвияга ҳарбий кучларни жўнатишни тезлаштириш имконини берувчи янги қўмондонлик тузилмасини яратмоқчи.
Бу ҳақда Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Ҳозирги вақтда Болтиқбўйи давлатлари ва Полша шимолида жойлаштирилган NATO'нинг барча қўшинлари Полшанинг Шецин шаҳридаги бирлашган штабга бўйсунади. Янги режага кўра, Эстония ва Латвия мудофааси учун Германиянинг Мюнстер шаҳрида жойлашган NATO'нинг Германия-Нидерландия корпуси бириктирилади. Жанговор шай ҳолатдаги бундай корпус таркибига одатда кўпи билан учта дивизияга бўлинган 40 000 дан 60 000 гача ҳарбий хизматчи киради.
NATO'нинг ушбу қарори Владимир Путин чет элда Россия фуқаролари "ҳибсга олинган, ушлаб турилган, жиноий ёки бошқача тарзда таъқиб қилинган" тақдирда, Путинга уларни "ҳимоя қилиш" учун армияни жалб этиш ҳуқуқини берувчи қонунни имзолаганидан кейин эртаси куни маълум бўлди.