НАТО бош котиби Марк Рютте альянсга аъзо бир нечта давлат 10 тагача Saab GlobalEye ҳавода эрта огоҳлантириш ва бошқарув самолётларини биргаликда сотиб олишга қарор қилганини маълум қилди.
Унинг айтишича, мазкур самолётлар хизмат муддати якунланиб бораётган E-3 AWACS ҳавода эрта огоҳлантириш тизимлари ўрнини босади.
«Бугун бир нечта иттифоқчи мамлакат мавжуд ҳавода эрта огоҳлантириш ва бошқарув самолётларини алмаштириш мақсадида 10 тагача Saab GlobalEye самолётини биргаликда сотиб олишини эълон қилди», — деди Рютте Анқарада ўтказилган НАТО Мудофаа саноати форумида.
Унинг таъкидлашича, E-3 AWACS самолётлари ўнлаб йиллар давомида НАТОнинг Норвегия шимолидан Туркия жанубигача бўлган ҳудудида ҳаво кузатувини таъминлаб келган, аммо уларнинг хизмат муддати якунига етмоқда.
Марк Рюттенинг сўзларига кўра, Saab GlobalEye бир вақтнинг ўзида ҳаво, денгиз ва қуруқликдаги вазиятни кузатиш, шунингдек, дронлар тўдаси, баллистик ва қанотли ракеталар каби мураккаб таҳдидларни аниқлаш ва кузатиш имкониятига эга. Шу билан бирга, бир қатор НАТО давлатлари миллий эҳтиёжлар учун ҳавода эрта огоҳлантириш имкониятларини ривожлантиришга қаратилган янги кўпмиллатли лойиҳани ҳам бошламоқда.