Бугун 23 июль, 2021 йил, жума

O'ZB

«Наркотикдан ўлди, суиқасд бўлган дейишади, аммо…» Охунжон Мадалиевнинг сирли ўлимига нима сабаб бўлган? (+видео)

«Наркотикдан ўлди, суиқасд бўлган дейишади, аммо…» Охунжон Мадалиевнинг сирли ўлимига нима сабаб бўлган? (+видео)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Охунжон Мадалиев ҳақида «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад хотира кўрсатув тайёрлади.

Ушбу дастурда Охунжон Мадалиевнинг вафоти ҳақида одамлар орасида юрган миш-мишларга ҳам ойдинлик киритилди.

«Ҳеч қачон наркотик модда истеъмол қилганини кўрмаганман»

Мен ўша кунлари Охунжон акамга ҳайдовчи эдим, Tico’да юрардим. Ўша куни Охун акани акалари олиб кетган эди. Тўйга бордик, водийда тўй икки қисм бўлади. Эрталаб куёв ота-онасининг ҳамкасблари келади. Кейин куёв навкар, базм бўлади. Жуда чиройли тўй бўлган, тўй тугади. Ҳамма чиқди. Охун акамни кутиб турибмиз, Охун акам чиқиб менга, «Сиз составни акамни машинасига ўтказинг, Tico’да кетамиз», деди.

Йўлга чиқдик. Охун акам тўйдан чарчаб чиққанлар, доим тўйдан чиққанларида узоқ йўлда ухлаб кетардилар. Уйқулари тез келарди. Эрталабдан кечгача хизмат, шунинг учун йўлда ухлардилар. Фарғонанинг «Гиргили» деган жойида доирачимиз Анвар ака турардилар, ўшанинг ҳовлисига бордик, етиб боргандан кейин уйғотдим, «Охун ака, келдик, туринг» десам, индамаяптилар. «Шунақа қаттиқ ухлаб қолдиларми?», деб яна «Охун ака», деб туртсам ҳам уйғонмаяптилар. Кейин ичкарига кириб акалари Азим акамни айтиб чиқдим, уйғотиб кўрдик турмаяптилар. Қўрқиб кетдик. Шифохонага қараб ҳайдадик. Тез ёрдам кўрсатишди, доктор чиқиб, «Ярим соат, 40 минут бўлибди, Охун акани бериб қўйдик», деб чиқди. Биз шок ҳолатидамиз, соппа-соғ одам, касал эмасди, кўпчилик «наркотик модда қабул қилган», деган гап чиқарган, йўқ, Охун акамни ҳеч қачон наркотик модда истемол қилганини кўрмаганман, бу бўлмаган гап. Одамлар ҳар хил гапни гапираверар экан. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди деб бежиз айтишмас экан.

Пўлатжон Омонов, Охунжон Мадалиевнинг ҳайдовчиси

«Охунжон ҳақида турли бўҳтонларни айтишди»

Менга Охунжон вафот этгани ҳақида телефон қилиб айтишди, мен эса ишонмадим. Чунки ўша пайтда таниқли санъаткорлар тўғрисида, «Шерали Жўраев ўтиб қолибди, фалончи ўтиб қолибди», каби миш-мишлар кўп тарқалар эди. Мен яна шунақа гапдир-да энди деб ўйладим. Кейин секин бордим. Борсам шунақа вазият, барибир ҳам ишонмаяпман. Кейин эртаси куни чиқардик. Ҳозиргача ҳам аслида ишонмаймиз.

Охунжон ҳақида турли бўҳтонларни айтишди. Охунжон ҳалол инсон эди. У пайтда фонограмма бўлмаган, бир ойлаб қўшиқ айтарди, раҳматли шундай қаттиқ чарчаганидан, машинада ухлаб қоларди.

Охунжонни томоғи оғриб қолиб, иситмаси чиқиб қолганди. Шу юрагига ортиқча босим берган эканми, шундан ўтиб кетдими, билмадим.

Қиличбек Тожиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Охунжон Мадалиевнинг устози

«Морг»да кўриб тамом бўлганман

Бир кун аввал Охун акам билан бирга бўлганмиз. Мени Ёзёвонда тўйим бўлган, Охун акамни тўйлари Фарғона шаҳарда бўлган. У пайтда Motorola деган телефон бўларди, устоз-шогирдлар олганмиз. «Мен тўйни тугатиб сизга қўнғироқ қиламан, Фарғонада кўришамиз, яқинда Наманганга борганимда йўлдан балиқ бериб юборишди, шуни пишириб еймиз», деди раҳматли. Бозорларга тушдик, анча бирга юрдик, Польша бозор деган бозор бор эди, ўша ерга тушиб кийим-кечаклар олдик. Эртаси куни мен тўйни тугатдим, Охун акам роса менга телефон қилган эканлар, у пайтда телефон ҳамма жойда ҳам ишламас эди, Ёзёвонда мен борган жойда антенна бўлмаган, менга тушолмаганлар. Кейин мен антеннали жойга чиққанимда, менга телефон қилди деган билдиришнома келган, Охунжон акамга қайтиб телефон қилсам, телефонлари ўчиқ. Уйга бордим, телефон келди, кўтарсам, «Охун акам шунақа бўлиб қолди», дейилди. Мен «морг»га келиб кўрмагунимча ҳам ишонганим йўқ, кўрганимдаям ишонганим йўқ. Ичимда «унақа бўлиши мумкин эмасди», деяпманда.

Ҳақиқий бир яқин инсонни йўқотиш қанчалик азоб эканини, қанчалик қийинлигини ўшанда билганман. Чунки мени жуда ҳам эркалатиб, Жексон деб чақириб, ота-онамдек ер-у кўкка ишонмасдилар. Шогирд сифатида яхши кўрардилар, шогирдлари кўп эди, лекин узоқ йиллар давомида ёнларида мен юрганман.

«Морг»да кўриб тамом бўлганман, ёнларига ҳам боролмай қолганман. Биров кутмаган нарсалар бўлган. Ҳалигача хаёлимда у инсон тирик, тушларимда ҳам кўриб тураман. «Ёлғондан бир ўлган эдим, мен келдим», деб айтадилар тушларимда, «ростан ҳам тирикмиканлар», деган фикр ҳозиргача хаёлимдан ўтади.

У инсон биз учун ҳеч қачон ўлмайди, улар ўлмас асарлар яратиб кетган ўлмас ижодкордир.

Абдужалил Қўқонов, хонанда, Охунжон Мадалиевнинг шогирди

Маълумот учун, Охунжон Мадалиев 1963 йил 21 май санасида Фарғона вилояти Олтиариқ тумани, Янгиараб қишлоғида дунёга келган. Охунжон Мадалиев 1999 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган. Унинг «Туркман қиз», «Унутмоқ осонмас бизларни», «Кетаман», «Насибам», «Мақсадинг нима?», «Сени бугун кўрмасам бўлмас», «Жавоҳирим», «Ёлғиз аёл» каби юзлаб қўшиқлари мухлислар орасида оммалашган.

Охунжон Мадалиев 2000 йил 29 июнь куни юрак хуружидан вафот этган.

Киритилди: 05:00 21.06.2021. Ўқилди: 8270 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!