- Ассалому алайкум! Намозда сочларнинг учи пастга тушиб туриши керакми? Соч узун бўлса, пастроқдан йиғиб ўқиса бўладими?
- Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етти аъзо билан: пешона – қўллари билан бурунларига ҳам ишора қилдилар, – икки қўл, икки тизза ва икки оёқнинг учи билан сажда қилишга ҳамда (саждада) кийимларни ва сочни йиғиштирмасликка буюрилдим», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда кийимни осилтиришдан ва кишини оғзини тўсишдан қайтардилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Ушбу ҳолатлар кўпроқ Арабистон шароити ва у ердаги халқларнинг одатларидан келиб чиққан. Маълумки, уларда эркаклар ҳам узун кийим киядилар. Авваллари нафақат узун кийим кийишарди, балки кийимни узун қилиш билан фахрланишар ҳам эди. Шунингдек, арабларда салланинг бир тарафи билан оғизни беркитиб юриш одати ҳам бор эди. Ислом дини кибру ҳавога боғлиқ ҳамма нарсаларни ман қилганидек, кийимни фахр, кибру ҳаво билан судраб юришни ҳам ман қилди. Намоздан ташқарида ман этилган нарса намозда ҳам ман этилиши турган гап. Шунингдек, намозда оғизни бирор мато билан тўсиб олиш ҳам макруҳдир.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Абу Рофеъ намоз ўқиётган Ҳасан ибн Алий алайҳимассаломнинг ёнидан ўтди. У (Ҳасан) соч ўримини орқасига турмаклаб олган эди. Абу Рофеъ уни ечиб юборган эди, Ҳасан унга ғазаб билан қаради. У бўлса: «Намозингни ўқийвер. Ғазаб қилма. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу шайтоннинг тўқими», деганларини эшитганман», деди».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Инсон намоз ўқиганида, сажда қилганида унинг барча аъзолари, бутун вужуди, ҳатто кийимлари ҳам иштирок этиши керак. Агар намозхон сочини қайтариб, турмаклаб олса, ўша ҳолатга футур етади. Шунинг учун бу иш макруҳ ҳисобланади.
Аёллар битта узун қилиб ташлаган ҳолда сочларини йиғиб, яъни боғич боғлаб ёки ўриб олишлари мумкин. Аммо юмалоқлаб, бошнинг тепасига жамлаб олиш макруҳдир.
Валлоҳу аълам.
Одинахон Муҳаммад Содиқ