«Миллий» телеканалининг «М-коктейль» лойиҳасининг махсус сони 25 август куни коронавирус оқибатида вафот этган Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромовага бағишланди. Кўрсатувда актрисанинг ҳамкасблари, таниқли актёрлар уни ёдга олди.
«Дилбарни эшитиб, тамом бўлдим. Нега дунё бунақа? Майли, бандалик — ўлим ҳақ, дегани. Лекин инсон ёшини яшаб, қилган меҳнатларининг роҳатини кўрса бўлмасмиди? Нимага телба-тескари, бероҳат бўлиб кетди бу аёл?, деган нарса ҳар бир инсоннинг дилини хуфтон қиляпти ҳозир», — дейди Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов.
«Дилбардака актриса бошқа театрга келмайди. Ҳали жуда узоқ, 70, 80 йил бордир, лекин Дилбардака юракли актриса йўқ. Бу гапларни мен бир актёр сифатида айтаман. Дилбар индамай турганда ҳам саҳнада яшарди. У жуда катта юракли актриса эди. ‘Ўзбекча рақс’ спектаклидаги унинг ролини энди ҳеч ким ўйнай олмаса керак. Дилбар бу образни ўзи билан олиб кетди. ‘Қирмизи олма’, ‘Чимилдиқ’даги образини ҳам олиб кетди», — дея сўзларини давом эттиради Эркин Комилов.
Ҳаётда камтарин, ҳокисор бўлган актриса ҳаётининг сўнгги йилларини ғам-қайғуда, катта қийинчиликлар билан ўтказди.
«Дилбар билан дардкаш эдик. Биз у билан институт йилларидан таниш эдик. Охирги марта ярим ойча аввал гаплашгандик. Ўшанда ҳам дардини айтганди. Кейин бироз мазам бўлмади, иссиғим чиқди, Худога шукур, ҳозир тузалиб қолдим’ деганди», — дейди таниқли актриса Муҳаббат Абдуллаева.
Кўрсатувда қайд этилишича, миллионлаб мухлислар қалбидан жой эгаллаган «Ўзбекнинг Соттиси» кексайган чоғида оилавий келишмовчиликлар туфайли ижарада яшаган.
«Унинг қаерда яшашини ҳеч ким билмасди. Масалан, жанозага бориш учун ҳаммамиз бир-биримиздан сўрадик. Чунки кўчиб-кўчиб, у ёқда бу ёқда, синглисиникида, ижарада яшади. Бир-икки марта съёмкага синглисиникидан олиб кетдик. Ўшанда биз бир-икки марта дардлашдик, Худо раҳмат қилгур, армонда кетди-да. Шу боласини бахтли қиламан, деб бутун умр боласи учун яшади», — дейди Муҳаббат Абдуллаева.
«Биламиз, нима учун шунақа бўлганини ҳам. Ўша аёл кимлигини ҳам биламиз. Худога солдик, Аллоҳ бор. Ўша инсонларнинг агар виждони бўлса, майли ўзлари кўрсин. Дилбар бировга ёмонлик қиладиган аёл эмасди. Биз у билан 35-40 йил бирга ишлаганмиз. Ҳеч қачон бировга ёмонлик қилган эмас. Нима сабабдан бундай рўшнолик кўрмади даргоҳидан?»,— дейди Эркин Комилов.